Россиянинг Приморье ўлкасида ўтаётган I қишки “Приморье болалари” ўйинлари спортчиларимиз учун катта маҳорат майдони бўлиб хизмат қилаётган бўлса, мамлакатимиз спорт мутахассисларига халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш, чет эллик мутахассислар билан фикрлашиш имконини бермоқда.

Мазкур ўйинларда Ўзбекистон спорт делегацияси раҳбари сифатида қатнашаётган Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Фарҳод Турдиев телефон орқали мулоқотда ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Ўйинларнинг қизиқарли беллашувларида Беларусь, Хитой, Шимолий Корея ва Россия спортчилари билан кураш олиб бораётган умидли ёшларимиз гарчи совринли ўринларга эгалик қилмаётган бўлсада, халқаро мусобақаларга кўникмаси ортаётгани эътиборли ҳолатдир. Қишки спорт турлари мусобақаларида ёш спортчиларимизнинг илк бор қатнашишига қарамасдан қорли давлат вакиллари билан муносиб рақобатга киришаётгани, сноуборд, хоккей, тоғ чанғиси, фигурали учиш дастурларида кучли бешлик, ўнлик, ўн бешталикдан жой олаётгани келгуси муваффақиятларга замин бўлиши шубҳасиз. Ҳар қандай спорт турида, хусусан қишки спорт турларида ҳам битта профессионал спортчини тайёрлаш, уни қитъа, жаҳон ва нуфузли мусобақа шоҳсупасига чиқаришгача бўлган жараён катта меҳнатни, халқаро мусобақалар кўникмасини талаб этади. Давлатимиз томонидан қишки спорт турларини ривожлантириш, 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларига ҳозирдан захира ҳозирлашга эътибор қаратилмоқда. I қишки “Приморье болалари” ўйинларида 20 нафардан зиёд спортчилар жамоаси билан иштирок этаётганимизнинг мақсади ҳам шунга қаратилган.

Дарҳақиқат, юксак ғалабаларнинг пойдевори турли мусобақаларда иштирок этиш кўникмаси орқали шаклланади. Шу маънода, I қишки “Приморье болалари” ўйинларида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги вакиллари Россия Федерациясининг спорт мутасаддилари, Хитой, Шимолий Корея ва Беларусь давлатларининг етакчи тренерлари билан ўтказган мулоқотлари, расмий ва норасмий учрашувларида манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикрлашилди. Терма жамоалар иштирокида қўшма машғулотлар ўтказиш, жисмоний тарбия ва спорт таълими бўйича илғор ташаббуслар, изланишлар борасида семинарлар уюштириш, маҳоратли спортчиларни танлаш, тайёрлаш механизмларини жорий этишда ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалаларда келишувларга эришилгани серқуёш ўлкамизда қишки спорт турларини ривожлантириш имкониятларини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

23 февралга қадар давом этадиган ўйинларнинг бир қатор йўналишларида мусобақалар якунланган бўлса, ўзбекистонлик спортчилар фигурали учиш, сноуборд ва тоғ чанғиси йўналишларидаги беллашувларда иштирокини давом эттирмоқда.

Т. Рўзиев, ЎзА