Истанбул халқаро аэропорти 2024 йил январь ойида 6 миллиондан зиёд йўловчига хизмат кўрсатди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 350 минг ёки олти фоиз кўп.

Туркия Давлат аэропортлари бош бошқармаси хабар беришича, жорий йил дастлабки ойда мамлакатнинг энг йирик ҳаво бандаргоҳидан фойдаланганларнинг 1 234 576 нафари ички, 4 767 043 йўловчи эса халқаро рейсда учган.

2023 йил январь ойида Истанбул аэропортида йўловчи ташиш жами 5 653 639 кишини ташкил этган эди.

Мамлакатнинг иккинчи энг гавжум аэропорти Сабиҳа Гёкчен ҳисобот даврида 3 миллиондан кўп йўловчига хизмат кўрсатган.

“Eurocontrol” аэронавигация хавфсизлиги ташкилоти бир неча бор Истанбул аэропортини Европадаги энг гавжум ҳаво мажмуаси сифатида эътироф этган.