Тадбиркорларга харажат ва мажбуриятлар юклатадиган бюрократик тартиб-таомиллар бекор қилинди

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун куни кеча қабул қилинди.
Маълумки, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Янги қонун хусусий тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари ва кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Қонун билан Солиқ кодексига, “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида” ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Қонунга мувофиқ, Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартишга асосан эндиликда солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилди.
Амалдаги тартибга кўра, тадбиркорлар солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейин мумкин эди. Ушбу норма тадбиркорларнинг ортиқча вақт йўқотишига, бюрократик тўсиқларга учрашига ва сарсон-саргардон бўлишига олиб келган.
Эндиликда қонун билан солиқ текшируви натижалари бўйича қарорда ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахсга тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш тартиби кўрсатилиши белгиланди.
Қонунда “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида” ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилиб, унга кўра, тадбиркорларга устав фондини шакллантиришга оид енгилликлар белгиланди. Чунки тадбиркорлик субъектларига нисбатан уларнинг устав фонди (устав капитали)ни камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда эълон бериш талаби мавжуд. Бу тадбиркорларга нисбатан турли қийинчиликларни ортиқча сарф-харажатларни вужудга келтирган.
Янги қонун билан ушбу норма бекор қилиниб, эндиликда тадбиркорлик субъекти томонидан устав фонди (устав капитали)ни камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш амалиёти бекор қилинди.
Қонун тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди. Уларнинг зиммасидаги ортиқча харажатлар ва мажбуриятлар юклатадиган айрим бюрократик тартиб-таомилларга чек қўйди.
Н.Абдураимова, ЎзА