Америка Қўшма Штатлари мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг ўлими ва Украинадаги икки йилдан буён давом этаётган амалиётга жавоб тариқасида Россияга қарши янги санкция эълон қилмоқчи. Байден журналистлар билан учрашувда ушбу чора тўғрисида жума куни тўлиқроқ маълумот беришини айтган.
Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик бўйича маъсуллари фикрига кўра, янги чеклов Россия мудофаа ва саноат базалари ҳамда бошқа даромад манбаларига қаратилган.
Марҳум сиёсатчининг онаси дафн этиш учун ўғлини қайтариб беришларини сўраган. Расмийлар 47 ёшли Навальнийнинг колониядаги ўлими сабаби номаълумлиги, дастлабки тергов ҳаракати давом этаётгани сабабли икки ҳафта унинг жасадини оиласига бермасликка қарор қилган.
Россия – Украина низоси бошлангандан бери АҚШ ва иттифоқчилар РФни иҳоталаш мақсадида қатор чоралар кўриб келмоқда. Жумладан, Марказий банк маблағини музлатиш, айрим рус маҳсулотларини тақиқлаш, яна бир неча банкни “SWIFT” тизимидан узиб қўйиш, нефть ва дизель ёнилғиси нархига чеклов жорий этиш ва ҳоказо.
Маълум бўлишича, АҚШ молия вазирининг терроризм ва молиявий разведка бўйича ўринбосари Брайан Нельсон Германия, Бельгия ва Францияга ташрифи чоғида Россияни қўллаб-қувватлаётган давлатларга ҳам чеклов ўрнатиш масаласини кўтарган.