Минтақага хос иқлим хатарларини баҳолаш ва зарурий мослашиш чоралари кўрилади

Марказий Осиёда умумий ҳаво ҳароратининг кўтарилиши шароитида атмосфера ёғинларининг ўзгариши, музликларнинг эриши ва сув ҳавзаларининг тўлиб кетиши хавфи сақланиб қолмоқда. Бу эса қурғоқчилик, кўчки ва сув тошқинлари хавфини оширади.
Ушбу ҳодисалар минтақавий тизимлар ва ҳаракатларни талаб қилади. Бу каби омиллар инобатга олинган ҳолда Марказий Осиёда иқлим хавфини бошқариш минтақавий дастури керакли чораларни амалга оширишда Марказий Осиё давлатларини қўллаб-қувватлайди.
Яъни, билим ва тажриба алмашиш платформалари илгари сурилади, салоҳиятни ошириш, гидрологик офатлар ҳақида эрта огоҳлантириш минтақавий тармоғини яратиш, шунингдек, минтақага хос иқлим хатарларини баҳолаш ва зарурий мослашиш чоралари қўллаб-қувватланади.
Пойтахтимизда Марказий Осиёдаги бешта трансчегаравий дарёлар ҳавзасининг иқлим ўзгаришига нисбатан хавф-хатарини баҳолаш бўйича йирик лойиҳа бошланишига бағишланган минтақавий семинар ташкил этилди. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон миллий гидрометеорология хизматлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларини бошқариш ва фавқулодда вазиятлар давлат идораси мутахассислари иштирок этди.

Қайд этилишича, баҳолаш натижаларига кўра, ҳар бир сув ҳавзаси — Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги Исфайрамсой, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги Шоҳимардон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги Зарафшон, Туркманистондаги Мурғоб ва Қирғизистон ҳамда Қозоғистондаги Чонг-Кемин/Чу дарёси учун иқлим ўзгариши таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар таклиф этилади.
– Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан бирга Ўзбекистонда иқлим ўзгаришини бошқаришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда, – дейди вазирлик мутахассиси Абдумажид Холмуродов. – Мақсад Ўзбекистон ҳудудини кесиб ўтган 5 та трансчегаравий дарёларнинг экологик аспектларини аниқлаш ва дарёлардан қишлоқ хўжалигида, энергетикада ва бошқа соҳаларда фойдаланганда иқлим ўзгаришига таъсирини камайтиришдир. Бугун чет эллик мутахассислар билан бу борада илмий ечимлар изланмоқда. Шунингдек, Фарғона водийсида Исфайрамсой ва Шоҳимардон дарёларига, Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятларида Зарафшон дарёсига иқлим ўзгаришининг таъсири ўрганилади.
– Иқлим циклининг ўзгариши табиатда турли хил ўзгаришларга сабаб бўлади, – дейди БМТ Тараққиёт дастурининг “Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш” лойиҳаси раҳбари Исомиддин Акрамов. – Айниқса, сув ва қишлоқ хўжалиги, экология, иқтисодиётга, умуман, инсоният турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатади. Бугунги лойиҳадан асосий мақсад айнан иқлим хавфларини аниқлаб олиш, иқлимга мослашиш режаларини ишлаб чиқиш ва уларни бошқаришдир. Аҳоли ўртасида иқлимга мослашиш бўйича кичик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бу эса келажакда, айниқса, тоғли ҳудудларда яшовчи аҳолининг иқлим ўзгаришларига тайёр бўлишларига имкон яратади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, лойиҳа ва бошланғич семинар Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Марказий Осиёда иқлим рискларини бошқариш” дастурининг бир қисмидир. Минтақавий дастурнинг мақсади минтақада трансчегаравий иқлим рискларини бошқаришни такомиллаштиришдан иборат.
Дастур жамоаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат идоралари ва ҳамкор ташкилотларга сиёсат, ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш ва сув билан боғлиқ иқлим хавфларини бошқариш бўйича тажриба алмашиш бўйича маслаҳатлар беради ва қўллаб-қувватлайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА