Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси асосида тузилган Салоҳиятли кадрлар захирасидаги номзодларни масъул лавозимларга тайинлаш жараёнлари бошланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат хизматини ислоҳ қилиш йўналишида ўтказган мажлисида бундан буён раҳбарлик лавозимларига номзодлар маҳаллада одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган кадрлар орасидан танлаб олинишини қайд этган.

Ушбу кўрсатма ижросини таъминлаш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаолларидан иборат  минг нафар номзод Салоҳиятли кадрлар захирасига танлов асосида саралаб олинган.

Ўтган давр мобайнида номзодлар учун масофавий малака ошириш курси ташкил этилди, уларнинг 859 нафари курсни муваффақиятли якунлади.

Шунингдек, номзодлар учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларида икки ҳафталик стажировка ташкил этилди.

Энг яхши натижа кўрсатган 247 нафар номзод вилоят ҳокими ўринбосари, туман (шаҳар) ҳокимларига бир ой давомида шогирдлик (дублёрлик) қилди. 30 нафардан ортиқ номзод Россия, Хитой ва Франция давлатларида малака ошириб қайтди.

Жорий йилнинг январь ойида эса резервга киритилган 90 нафар ҳоким ёрдамчилари Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олди.

Бугунги кунга келиб, захирадаги 12 нафар номзод вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотларнинг раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, 7 нафар номзод туман (шаҳар) ҳокими ва ўринбосари лавозимларига тайинланди.

Президентимиз таъкидлаганидек, қуйини кўрган, халқ билан мулоқот қилишнинг сабоғини олган кадрлар давлат тизимидаги нуфузли лавозимларга номзод бўлмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА