Россия Президенти Владимир Путин Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга шахсий фойдаланиш учун рус автомобилини совға қилди, деб хабар бермоқда “The Telegraph” нашри.
Кимнинг синглисининг айтишича, бу совға “олий раҳбарлар ўртасидаги алоҳида шахсий муносабатларнинг яққол намойиши”.
Бу машина “Aurus Senat” зирҳли седан ёки лимузин бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда айрим экспертлар.
Ким Чен Ин қимматбаҳо хорижий автомобиллар паркини кўз-кўз қилишдан чарчамайди. Ўтган йилнинг декабрь ойида у 200 минг долларлик зирҳли “Mercedes Maybach S560” машинасида кўриниш берган.
Ҳашаматли автомобилларга бўлган муҳаббат авлоддан авлодга хосдир. Шимолий Кореяни бошқарган Кимнинг бобоси ўзининг “ЗИС” совет лимузинини яхши кўрган, Кимнинг отаси эса “Mercedes-Benz” мухлиси бўлган.
2022 йилнинг ўрталарида Ким ва Путин Россиянинг “Восточный” космодромида учрашиб, музокаралар ўтказган. Ўшанда хорижий нашрлар Пхеньяндан Москвага қисқа масофали баллистик ракеталар ва бир миллиондан ортиқ снарядларнинг денгиз орқали жўнатилгани ҳақида хабар берган эди.
Ким ўша сафардан милтиқ ва ҳарбий дрон совғалари билан қайтди ва икки давлат мудофаа масалаларидан туризмгача бўлган муносабатларни мустаҳкамлашга ваъда берди.
Президент Путин Кимнинг ташрифига жавобан тез орада Пхеньянга бориши кутилмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА