Нукусда O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Ёш тадбиркорлар кўргазмаси ташкил қилинди.
Иштирокчиларга “Kaypanov devolopment group”, “Dеya No’kis” масъулияти чекланган жамиятлари директори Азамат Қайпанов бизнесни тўғри юритиш, маркетингни билиш, тадбиркорликни янада кенгайтириб, ўз устида ишлашда кўпроқ нималарга эътибор қаратиш кераклиги бўйича оддий ҳаётий мисоллар билан тушунтириш берди.
Тадбиркорликни ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Мазкур йўналишни янада ривожлантириш мақсадида яратилган шарт-шароитлар сабаб тадбиркорлар сафи ортиб бормоқда. Миллий ялпи ички маҳсулот экспортининг салмоқли улуши кичик ва ўрта бизнес ҳисобига тўғри келмоқда.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, улар учун барча қулай шароитни яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Фақат Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлар бу борадаги чоралар кўламини янги босқичга кўтаришга кўмаклашмоқда.
Мамлакатда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган шароит ва имкониятлар туфайли ўз бизнесини ташкил этган аксарият ёшлар рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда.
– Уй шароитида сут маҳсулотларидан тўроқ (қурут) ишлашни йўлга қуйдим, – деди Нукус шаҳридан Меҳрибан Худайбергенова. – Яқинда иш бошлашимга қарамасдан, харидорларнинг табиий маҳсулотларга бўлган талаби катта эканлигини билиб, фаолиятимни янада кенгайтириш мақсадида кичик цехда таъмирлаш ишлари олиб бормоқдаман. Мазкур бизнес-тренингдан ўзимга кўп нарсаларни олдим.
Кўргазмада турли йўналишлар бўйича фаолият юритаётган ёш тадбиркорларнинг ишлаб чиқараётган маҳсулотлари, миллий ҳунармандлик буюмлари ва хизмат кўрсатиш турлари намойиш этилди.
Тадбир доирасида ёш дизайнерларнинг ижодий ишлари ҳам кўрсатилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари