O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан фаол ёшлар Хўжайли туманидаги “Миздакхон” тарихий мажмуасига саёҳат ташкил қилинди.

Мамлакатимизда кейинги йиллари барча соҳалар сингари туризмни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мамлакатимизда ёшлар туризмини ривожлантириш учун катта имконият мавжуд. Маълумот ўрнида: Миздакхон – Говур қалъа ва Мазлумхон сулув тарихий обидаларини ўз ичига олган мажмуанинг атамаси. Илмий изланишларда Говур қалъа эрамиздан аввалги 1 минг йилликнинг ўрталаридан эрамизнинг XI асрига қадар Миздакхон деб аталиб келинганлиги ҳақида ёзилади.

Мазлумхон сулув – Миздакхон мажмуасидаги XIII асрларда бунёд этилган тарихий ёдгорлик. Ёдгорлик ичига турмушга чиқмасдан дунёдан ўтган бир қизнинг дафн этилгани аниқланган. Унинг қабри устидаги тошларга фалсафий мазмундаги қўшиқлар битилган. Кейинги йилларда халқ орасидаги шу афсоналар асосида қорақалпоқ адабиётида шеърий драма яратилди. Ёшлар тарихий маскандаги “Мазлумхон сулув”, “Говур қалъа” , “Жўмард қассоб”, “Халфа Ражаб”, “Шамун Набий” каби тарихий обидалар билан яқиндан танишди.

Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши ёшлар маънавияти ва салоҳиятини ривожлантириш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказишда муҳим аҳамият касб этади. Ёшларни Ватанга муҳаббат, халқимизнинг бой маданий меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш ва ўрганишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган саёҳат ёшлар учун катта аҳамиятга эга бўлди. Қолаверса, уларни тарихимизни чуқур билишга ва бугунги тинч-осуда, фаровон ҳаётимизнинг қадрига етишга ундайди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири