Буюк Британия ўқув муассасаларида  тартиб-интизомни кучайтириш мақсадида энди мобиль телефонлардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланади, хусусан  ўқувчиларнинг рюкзакларида тинтув ўтказишга рухсат этилади. Бу ҳақида Times нашри хабар беради.

Газета тарқатган маълумотларга кўра, Англия мактабларида тартибсизликларни камайтириш ва синфда интизомни яхшилаш мақсадида директорлар уяли алоқа воситаларини тақиқлаш тўғрисидаги йўриқномани  қўллайди. Қоидани бузган ўқувчилар дарсдан сўнг олиб қолинади, уларнинг мобиль телефони эса директор зарур деб топган тақдирда, маълум муддатга олиб қўйилади.

Қайд этилишича,  ўқитувчилар ўқувчиларнинг рюкзак ва сумкаларини текширишлари мумкин ҳамда ота-оналарнинг мусодара қилинган мобиль телефонлар йўқолиши ёки шикастланиши бўйича билдириладиган даъволаридан юридик ҳимояга эга бўлади. Йўриқномага кўра, бу қоидаларга амал қилишнинг тўртта ёндашуви таклиф қилинади. Биринчиси – гаджетларни уйда қолдириб келиш. Иккинчи ва учинчиси  телефонларни  ўқув муассаса ходимларига топшириш ёки махсус шкафчаларда қолдириш. Тўртинчиси – ҳеч ким “сезмаслик” шарти билан телефон  ўқувчида туриши мумкин.

 Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА