Мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
2024 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та функция ва ваколатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилди.
Масалан, давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш, атмосфера ҳавосига таъсир этувчи корхоналарни қуриш жойларини, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойларни белгилаш, йўловчи ва юк ташиш таърифлари, жумладан, фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун имтиёзли таърифлар, табиий объектларга, транспорт ва муҳандислик техника инфратузилмаси объектларига ном бериш ва бошқалар.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг давлат органларининг ҳисоботларини эшитишга доир айрим ваколат ва функциялари 10 тага бирлаштирилган ҳолда тизимлаштирилди.
Масалан, ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг 7 турдаги (дастурлар ижроси, кичик бизнес, тадбиркорлик, аҳоли бандлиги, кредитлар ажратиш, ҳоким ёрдамчилари ахборотларини эшитиш якунларига оид) ҳисоботларини эшитиш – ҳокимларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси бўйича ҳисоботларини эшитиш доирасида кўриб чиқилади.
Фармонга мувофиқ, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаш амалиёти жорий этилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган, маҳаллий Кенгашларнинг қонунчиликда белгиланган ваколатларига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул ҳисобланади.
Фармон билан 2024 йил 1 октябргача Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқилиши назарда тутилган.
Дарҳақиқат, ҳар қайси маҳаллий бошқарув органларининг асосий мақсади, мамлакатдаги ислоҳотлар самарасининг энг қуйи поғонага қадар етиб боришини таъминлаш саналади. Қолаверса, давлат иқтисодий тараққиётида ўсиш нуқталарининг қамрови ҳам айнан маҳаллий бошқарувнинг нечоғли самарали ташкил этилганлигига боғлиқ. Бунда эса, маҳаллий Кенгашлар, хусусан депутатлар ислоҳотларни юргизувчи, қаердаки муаммо мавжуд бўлса, айтайлик ривожланишга тўсиқ бўлаётган коррупция ёки коррупцияга мойил раҳбарларни бартараф этиш – янгиланишга йўл очувчи кучдир. Юқоридаги Фармон ижроси ана шундай имкониятни кенгайтириш билан бирга, депутатларнинг ҳам ҳар жабҳада фаоллигини, ташаббускорлигини оширишга хизмат қилади, албатта.
Рахима Юлдашева,
O’zLiDePдан Халқ депутатлари Беруний тумани Кенгаши депутати.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги