16 февраль куни Хонобод шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.

Андижон вилоятида саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ижтимоий соҳалар ривожланмоқда. Шу билан бирга, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўп.

Йиғилишда шундай имкониятлар кўрсатилиб, уларни ишга солиш бўйича чоралар ва масъуллар белгиланди.

Бу йил Андижонда 190 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, 7 мингта оила янги хонадон билан таъминланиши, Асака туманида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилиши қайд этилди. Андижон, Асака ва Шаҳрихон шаҳарларида урбанизация дастури амалга оширилиши, аҳолиси 100 мингдан ошадиган Асака ва Шаҳрихон шаҳарлари вилоят бўйсунувига ўтказилиши белгиланди.

Маҳаллаларни обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш бўйича Андижон тажрибаси яратилади. Уларни мева-сабзавот, чорвачилик, ҳунармандчилик, касаначилик, саноат, савдо ва хизматга чуқур ихтисослаштириш бўйича дастур амалга оширилади. Бу мақсадларга 850 миллиард сўм кредит ресурслари ва 50 миллиард сўм субсидия ажратилади.

Транспорт хизматларини яхшилаш мақсадида Хонободдан Асакагача поезд қатновини йўлга қўйиш, Андижондан юртимизнинг бошқа шаҳарларига поезд ва автобус қатновини кўпайтириш режалаштирилди. Шунингдек, кичик ва микро ГЭСлар қуриш, электр тармоқлари ва йўлларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди.

Вилоятда ишсизлик даражаси 7 фоизга тушган. Аҳолининг тадбиркорликдан олаётган даромади 1,5 бараварга ошган. 225 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилган.

Лекин ҳали 400 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш, битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш зарур. Шу мақсадда улар касб-ҳунарга ўқитилади, имтиёзли кредитлар берилиб, тадбиркорликка жалб этилади. Хитой тажрибаси асосида маҳаллалар четида иссиқхоналар ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларга бўлиб берилади. Ёшлар ахборот технологиялари ва хорижий тилларга қўшимча ўқитилади.

Андижонда автомобилсозлик соҳасида 12 та йирик ва 160 дан ортиқ маҳаллий корхона бор. Уларда 17 минг аҳоли банд. Буни янада ошириш учун эҳтиёт ва бутловчи қисмларни кооперация асосида маҳаллаларда ишлаб чиқариш кенгайтирилади. Булоқбошида керамик плита, Марҳамат ва Балиқчида чинни буюмлар корхоналари ташкил этилади.

Вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражасини 100 фоизга етказиш имконияти борлиги қайд этилди. Бу йил 150 миллион долларлик бўяш ва тайёр кийим ишлаб чиқариш лойиҳалари якунланиб, 6 мингта иш ўрни яратилади. Тўқимачилик корхоналарига Италиядан дизайнерлар олиб келинади. Шунингдек, Олтинкўл туманида мебелсозлик комплекси барпо этилади.

Мураккаб таркибли дори ва тиббий буюм ишлаб чиқариш бўйича 7 та лойиҳа амалга оширилади. Олий таълим муассасаси билан бирга фармацевтика кластери ташкил қилинади.

Андижон вилояти билан Хитой ишбилармонлари ўртасида 3 миллиард долларлик келишувларга эришилган. Унинг 1 миллиард долларини шу йилнинг ўзида жалб этиш мумкин. Шу мақсадда Андижон туманида 218 гектарда “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси ташкил қилинади. Инвесторларга эркин иқтисодий зоналар учун белгиланган барча солиқ ва божхона имтиёзлари берилади. Шунингдек, саноат зоналардаги бўш ерларга 300 миллион долларлик лойиҳалар жойлаштирилади.

Мутасаддилар жорий йилда 2,5 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиб, 45 мингта иш ўрни яратиш, 1 миллиард доллар экспорттаъминлаш режаларини баён қилди.

Замонавий меҳмонхоналар ва туризм марказларини барпо  қилиб, 20 минг кишининг бандлигини таъминлаш имкони борлиги айтилди.

Қишлоқ хўжалигидаги асосий вазифа ҳосилдорликни ошириш, экспортни кўпайтириш ва саноатлаштириш бўлади. Шу мақсадда пахтачиликда 80 центнергача ҳосил берадиган, тола чиқими 45 фоизгача бўлган Хитой нави экилади. 10 минг гектарда томчилатиб суғоришни жорий қилиниб, яна 20 минг гектар лазерли текисланади. “Туямўйин”, “Миян”, “Чинободсой”, “Қадим”, “Қатортол”, “Пахтаобод” каналлари бетонланади.

Мева-сабзавот етиштириш учун оилавий тадбиркорлик доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади, қурилмалар харид қилишга субсидия берилади, сердаромад экинлар уруғи ва кўчати харажатининг 30 фоизи қопланади.

Озиқ-овқат саноатига хорижий брендлар жалб этилади.  Андижон туманида йирик агрологистика маркази қурилади. Дарё ва зовурлар, уларнинг атрофи тадбиркорларга ижарага берилиб, парранда ва балиқ боқиш йўлга қўйилади. Марҳаматдаги пиллачилик кластери Андижоннинг ҳамма туманларига намуна бўлди. Йўл бўйлари, дала, боғ ва ток четлари аҳолига бўлиб берилиб, 20 миллион тут экилади.

Ижтимоий соҳалар таҳлил қилинар экан, аввало, мактаб таълими сифатини оширишга эътибор қаратилди. Шу мақсадда 10-11 синф ўқувчиларига аниқ, табиий ва чет тили фанларидан бирини чуқур ўрганиш ёки ишчи ва IT касбларга ўқиш имкони яратилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилиб, амалий машғулотни тадбиркорлар ўтказади.

Асака агротехнология техникуми билан Андижон қишлоқ хўжалиги институти ўртасида “2+2” дастури жорий қилинади.  Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида бошқарув ва ўқитиш методикалари янгиланади.

Вилоят шифохоналарини ривожлантириб, кардио, эндо ва микрохирургия йўналишида тиббий хизматлар экспортини 2 баробар ошириш мумкинлиги қайд этилди. Андижон шаҳридаги бир-бирига яқин жойлашган 8 та шифохонани кластер усулида бирлаштириш, Тиббиёт институти клиникаси негизида кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Президентимиз бугунги йиғилиш улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кунларда бўлиб ўтаётганига эътибор қаратиб, бу билан андижонликларни табриклади. Андижон шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи янги ғоявий концепция асосида қайта қурилиши маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари Андижон шаҳридаги санъат мактабига ўзбек қўшиқчилигига беқиёс ҳисса қўшган, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев номини беришни таклиф қилди. У Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, грант асосида янги истеъдод эгалари тарбияланади.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ва тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитди.