Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясига қарши курашиш, тупроқнинг гумус миқдори ва унумдорлигини оширишни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга мувофиқ, 2024–2025-йилларда тажриба тариқасида пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни, шу жумладан тупроқнинг гумус миқдорини ошириш бўйича агротехник тадбирлар учун ердан фойдаланувчиларга (жумладан, кластерларга) ҳар бир гектар майдонга бир миллион сўмдан субсидия ажратилади.

Бунда субсидия ажратиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан “Агросубсидия ахборот тизими” орқали амалга оширилади, пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тадбирларни бажариш учун дастлаб ҳисобланган субсидиянинг 70 фоизи 2024 йилда ажратилади.

Субсидиянинг қолган 30 фоизи Пахтачилик кенгашининг ҳосилдорлик олдинги мавсумга нисбатан ўртача 10 фоизга ошгани тўғрисидаги хулосасига асосан 2025 йилда ажратилади.

Шунингдек, “Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази” давлат унитар корхонаси Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти таркибига ўтказилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА