Аргентина матбуоти Лионель Мессининг “Париж-2024” Олимпиадасида қатнашиши тўғрисида турли хабарларни тарқатмоқда. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин эканини вақт кўрсатади.
Футбол бўйича Аргентина олимпия терма жамоасининг “Париж-2024” ўйинларига йўлланмани қўлга киритиши Лионель Месси атрофидаги гап-сўзларни кўпайтирди. Ҳозирда дунё спорт нашрларида Мессининг Францияда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда.
Мессининг Париж Олимпиадасида иштирок этиш имкониятлари ҳақидаги саволга Аргентина олимпия терма жамоаси бош мураббийи Хавер Маскерано Месси Аргентина жамоасининг бир қисми бўлиш имконияти ҳар доим борлигини билдириб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Мессининг 2024 йилги Париж ўйинларига қатнашиши нимани англатиши барчага аён. Бу, бутун ўйинлар давомида спортчиларга катта руҳий қувват бағишлаши шубҳасиз. Бироқ, Францияга бориш-бормаслик футболчининг ўзига боғлиқ.
Т.Рўзиев, ЎзА