Мамлакатимиз спортчилари иштирок этадиган комплекс спорт мусобақалари сони яна биттага кўпайди. Бу, жорий йилнинг 21 февраль – 3 март кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида тарихда илк бор ташкил этиладиган “Келажак ўйинлари” халқаро комплекс мусобақасидир.
100 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингга яқин спортчи иштирок этиши кутилаётган мазкур спорт тадбирида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам иштирок этишга ҳозирланмоқда. Бу ҳақда Спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугунги кунда янги спорт йўналишлари, хусусан киберспорт ўйинларида комплекс мусобақалар тизими яратилмоқда.
Ташкилий қўмита маълумотига кўра, уларнинг ҳар бири “фижитал”, яъни жисмоний ва рақамли тушунчани ифодалайди. Ўйинлар жисмоний ҳаракат ва киберспортни бирлаштиради. Ғолиб спортчилар жамоаси ҳар икки дастурдаги натижаларнинг йиғиндиси ҳолатида аниқланади.
Жисмоний ва рақамли мусобақаларни бирлаштирган янги форматдаги мазкур мультикомплекс ўйинлар дунё спортида ўзгача кўринишга, руҳиятга эга мусобақалар об-ҳавосини олиб келмоқда.
Татаристон пойтахтида кечадиган “Келажак ўйинлари” баҳслари 21 та инновацион йўналиш бўйича ташкил этилади. Улардан 16 таси асосий ва 5 таси кенгайтирилган дастурни қамраб олади.
Таъкидлаш жоиз, ушбу халқаро мусобақада спортчиларимиз виртуал велоспорт, спорт дастурлаши, фижитал-хоккей ва фижитал-пойга каби йўналишларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Ўйинлар дастурига биноан мусобақада иштирок этадиган фижитал-хоккейчиларимиз 14 февраль куни Қозон шаҳрига етиб боради. Делегациянинг асосий қисми эса 20 февраль санасида Татаристонга ташриф буюради.
“Келажак ўйинлари”нинг тантанали очилиш маросими 21 февраль куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА