Тожикистонда меҳнат миграциясини диверсификация қилиш мақсадида Буюк Британия, АҚШ, Корея Республикаси, Канада, Польша, Латвия, Германия, Сингапур, Япония, Филиппин ва Саудия Арабистони Қироллиги билан ишчи кучи тайёрлаш ва ишчилар малакасини ошириш бўйича ҳукуматлараро битим лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бу ҳақда бугун уюштирилган матбуот анжуманида меҳнат, миграция ва бандлик вазири Гулнора Ҳасанзода маълум қилди, деб хабар тарқатди “Ховар” агентлиги.
– Айни пайт Кувайт, Россия Федерацияси, Саудия Арабистони Қироллиги ва Корея Республикаси билан ҳамкорлик бўйича 5 та ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқиш якуний босқичда, – деди вазир. – Ҳукумат ва Кувайт Давлати ўртасида хусусий секторда меҳнат алмашинуви бўйича ўзаро англашув меморандуми лойиҳаси асосида ички тартиб-таомилни бажариш жараёни якунланди, ҳужжат режалаштирилган санада имзоланиши кутиляпти.