Шимолий Корея ҳукумати жануб билан муросага эришиш умидини ифодаловчи ёдгорлик – “Қайта бирлашиш” аркасини бузиб ташлади. Ёдгорликни бузиш қарори Ким Чен Иннинг уни “кўз оғриғи” деб эълон қилган нутқидан кўп ўтмай қабул қилинди. Бу ҳақда “Asia Times” нашри хабар бермоқда.
У ўз нутқида 1945 йил августидан бери бўлиниб қолган икки Кореяни тинч йўл билан бирлаштиришнинг энди имкони йўқлигини айтди ва Шимолий Корея Конституциясига Жанубий Кореяни “асосий душман” мақомини акс эттирувчи ўзгартириш киритишга чақирди.
2001 йилда очилган “Қайта бирлашиш” аркасида Жанубий Кореяда “ҳанбок”, Шимолий Кореяда эса “чосон-от” деб номланган анъанавий либосларни кийган икки корейс аёл тасвирланган. Aёллар биргаликда Корея ярим оролининг тасвирини кўтариб тургани акс этган. Бу тимсол Шимолий Корея ҳукуматининг ўша пайтларда икки давлатни бирлаштиришга бўлган ҳақиқий истагини акс эттирар эди.
Шимолий Корея қўшни давлат билан мулоқот ва бирлашиш умиди тимсолларини биринчи марта йўқ қилаётгани йўқ. 2020 йил июнь ойида Кесон шаҳри яқинида жойлашган Жанубий Корея билан қўшма алоқа идорасини ҳам буздириб ташлаган эди.
2021 йил август ойида Ким AҚШ ва Жанубий Кореянинг биргаликда ўтказган ҳарбий машғулотларига норозилик сифатида Кореялараро ишонч телефонини – Шимолий ва Жанубий Кореяни боғлайдиган телефон линиясини узиб ташлади. Орадан кўп ўтмай ишонч телефонлари қайта тикланди ва Ким Сеулни муносабатларни яхшилаш учун саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди.
Сиёсий таҳлилчилар фикрича, “Қайта бирлашиш” аркаси йўқ қилинганига қарамай, унинг тасвири расмий почта маркаларида абадий сақланиб қолади.
Ў.Aлимов, ЎзА