Нукусда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.
“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда фаол ёшлар, волонтёрлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Жўқорғи Кенгес депутати Т.Романов таъкидлаганидек, мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, жамият ислоҳотлар ташаббускори тамойилини амалга ошириш мақсадида аҳолининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилиб, белгиланган вазифалар ижроси таъминланмоқда.
Жумладан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, маҳаллий бюджет маблағларини аҳоли фикри асосида сарфлаш бўйича ташаббусли бюджет лойиҳасини амалга ошириш йўлга қўйилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш лозимлиги белгиланди ва шу каби кўплаб бошқа механизмлар амалиётга татбиқ этилди.
Барчамизга маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси jamoatchilik.uz, uzbekistan 2030.uz порталларида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Мазкур лойиҳа 5 та йўналиш, 100 та мақсад, 292 та амалий чора-тадбирдан иборат. Ҳужжат лойиҳасида ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий, экология, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида 2024 йилга мўлжалланган ислоҳотлар назарда тутилмоқда.
Аҳолининг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида дастур лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, таклифлар олинмоқда.
Тадбирда дастурни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти, айниқса, масъул идоралар томонидан юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик эшитуви каби тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам тушунтириш берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири