Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга тижорат банклари томонидан икки томонлама тузилган шартномага асосан кредит маблағлари ажратилмоқда. Лекин тузилган кредит шартнома шартларини ўз вақтида бажармаётган жисмоний ва юридик шахслар ҳам учраётган бўлиб, уларнинг кредит қарздорлигини ундириш мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилмоқда.

Масалан, Мажбурий ижро бюроси Элликқалъа туман бўлими иш юритувида, фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2023 йил 26 июндаги қарорига асосан, “Қудрат санъат” фермер хўжалигидан Акциядорлик тижорат “Халқ банк” Элликқалъа филиали фойдасига 4 миллиард 247 миллион сўм ундириш белгиланган. Қарздорга ушбу ижро ҳужжати ижросини таъминлашга 15 кунлик ихтиёрий муддат берилган ва қарздорга тегишли бўлган Элликқалъа тумани “Тозабоғ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, қиймати 2,5 миллиард сўмлик чорва фермаси Мажбурий ижро бюроси Элликқалъа туман бўлими давлат ижрочиси томонидан тегишли тартибда хатловга олинди.

Шунга қарамасдан, қарздор томонидан ижро ҳужжати талаби ихтиёрий равишда бажарилмаганлиги сабабли хатланган кўчмас мулк электрон онлайн аукцион савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилди. Аукцион савдосида сотувга чиқарилган чорва фермасига харидор бўлмаганлиги сабабли ушбу мулк қарздорлик эвазига Акциядорлик тижорат “Халқ банк” Элликқалъа филиали балансига ўтказиб берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.