Пенсия тайинлаш тартиб-таомиллари соддалаштирилди ва рақамлаштирилмоқда. Ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилиб, пенсия таъминоти тизимида давлат хизматлари кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди.

Шу билан бирга, фуқароларга пенсия тайинлашда инсон омилини камайтириш, кексаларга, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада ошириш талаб этилмоқда.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.

Қонун билан “Ижара тўғрисида”ги қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолгани ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддатини ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтириш назарда тутилмоқда.

Қонунда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслигини белгилаш, пенсиялар миқдорларини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби белгиланмоқда.

Шунингдек, маҳкумларнинг озодликдан маҳрум қилинган даврда амалга оширган фаолияти даврини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олишга доир талаб қонунда акс этмоқда.

“Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келгани тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат принципини амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА