Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ҳокими бошчилигидаги ҳоким ёрдамчиларидан иборат ишчи гуруҳ Тошкент вилоятида бўлиб турибди.
Нурафшон шаҳрида ишчи гуруҳ аъзолари ва масъул раҳбарлар иштирокида суҳбат ўтказилди. Унда Тошкент вилоятида 2024 йил учун белгиланган устувор вазифалар ҳақида сўз борди. Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Абдуллаев ҳудуд тадбиркорларига Мўйноқ туманида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тавсиялар берди.
Мўйноқ тумани ҳокими Бахтияр Менглибеков туманда тадбиркорларга яратилган имтиёз ва имкониятлар хусусида атрофлича маълумот берди.
Президентимизнинг 2022 йил Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берган топшириғига асосан Тошкент вилояти ҳокимлигига Мўйноқ туманини ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ёрдам бериш вазифаси юклатилган эди.
Шундан келиб чиқиб, ўтган даврда мўйноқликларнинг турмуш шароитини яхшилаш, яшаш фаровонлигини ошириш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий қиймати 20,96 миллиард сўм бўлган қатор ижобий ишлар бажарилди. Қиймати 75,5 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши натижасида туманда 7 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 318 нафар кишининг бандлиги таъминланди.
Мўйноқ тумани ҳокими ёрдамчиларига Нурафшон шаҳридаги IТ-парк фаолияти таништирилди ҳамда Тошкент вилоятида ахборот технологияларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида тақдимот намойиш этилди.
Меҳмонлар Ангрен шаҳрида ҳам бўлди. Бу ерда меҳмонлар “Ecoton sharq” автоклав газобетон блок ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур корхонанинг лойиҳа қиймати 12,2 миллион долларни ташкил қилади. Қуввати эса йилига 300 минг куб метр маҳсулот ишлаб чиқаради. Ҳоким ёрдамчилари бу ердаги иш жараёнини кўздан кечириб, харажат ва фойдаси, аҳоли бандлигини таъминлашдаги ўрни ва экспорт талаби каби масалаларга қизиқди.
Шаҳарнинг Хаккарман ва Янги Жигаристон маҳаллаларида иссиқхона шароитида қулупнай етиштираётган тадбиркор Бегзод Мадисмановнинг фаолияти кўздан кечирилди. Бу тадбиркор давлатдан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, қисқа давр мобайнида ўз даромадига эга бўлган. У бор йўғи 2 ой ичида ўзи етиштирган маҳсулотдан 40 миллион сўм даромад топишга эришган. Ҳоким ёрдамчилари ангренлик тадбиркордан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Мўйноқда ҳам қулупнайчилик фаолиятини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида ўтказилган йиғилишда эса Мўйноқ туманини “Ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди. Унга кўра, жорий йилда ижтимоий-иқтисодий йўналишларда умумий қиймати 67,7 миллиард сўм бўлган бир қатор ишлар амалга оширилади. Хусусан, 13,6 миллиард сўмлик 9 та ижтимоий соҳа объекти қурилади, борлари эса таъмирланиб, жиҳозлаш ишлари амалга оширилади. Натижада туманда 423 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади ҳамда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 107,2 фоизга етказилади.
А.Мусаев, ЎзА мухбири