Жорий йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлашга қаратилган амалий чоралар белгиланган.

Хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш кўзда тутилган.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида лойиҳа муҳокама этилиб, юқорида қайд этилган масалалар долзарблиги алоҳида таъкидланди.

Қўмита раиси Малиқа Қодирхонова мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсати изчиллик билан амалга оширилаётганини эътироф этди. Лойиҳада ўз аксини топган вазифалар мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Шу билан бирга, дастурда ўз аксини топаётган вазифаларни амалга оширишда давлат ҳокимияти органлари ҳамда жамоат ташкилотларининг фаоллигини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокамалар жараёнида қўмитанинг вазифаларидан келиб чиқиб, лойиҳага киритиш назарда тутилган қатор таклифлар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА