Автомобиль йўллари қўмитаси ташаббуси билан соҳада фаолият юритаётганларнинг интеллектуал ва профессионал билим даражасини, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириш, бу борада билимли ва салоҳиятли кадрларга иқтидорини намоён этиши учун шарт-шароит яратиш, уларни муносиб равишда рағбатлантириш мақсадида корхона-ташкилотлар ишчи-ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилмоқда.
“Заковат” интеллектуал ўйинининг дастлабки саралаш босқичи Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида бўлиб ўтди.
Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ўйинда иштирок этиш учун ҳар бир муассаса ишчи-ходимларидан иборат 6 кишилик жамоа шакллантирилган. Жамоа таркибида мутахассислар, йўлни сақлаш ишлари билан шуғулланувчи ходимлар ва оддий ишчилар ҳам бор.
Нукусда бошлаб берилган илк босқичда тизим корхоналарининг 20 та жамоаси ўзаро беллашди. Жами 120 нафар иштирокчининг 12 нафари хотин-қизлардир.
Иштирокчи жамоаларнинг ҳар бир аъзоси “Заковат”да фаол иштирок этиб, билим ва тафаккурини синовдан ўтказди. Баҳслар натижасида “Чимбой” , “Беруний” , “Қоратов” жамоалари 1-, 2- ва 3-ўринларга сазовор бўлди.
Ғолиблар махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ҳар бир жамоага махсус статуеткалар топширилди. Барча жамоалардан саралаб олинган 6 нафар иштирокчидан ташкил топган Қорақалпоғистон терма жамоаси “Заковат”нинг республика босқичида иштирок этадиган бўлди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, “Заковат” интеллектуал ўйини барча ҳудудларда ташкил этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА