Озарбайжон: президент сайловида фаоллик кузатилди.

Озарбайжонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари президент сайловида овоз берувчилар фаол қатнашгани кузатувчилар томонидан эътироф этилди. Туркий давлатлар парламентлари ассамблеяси (ТуркПА) номидан иштирок этган кузатувчилар мониторинг натижасига таяниб шундай хулосага келди, деди делегация аъзоси Маҳмуд Радван Назирли.

Озарбайжонда Президент 7 йиллик муддатга сайланади.

Францияда Исроилни қуроллантиришга қарши норозилик намойиши

Фаластинлик фаоллардан ташкил топган “Stop arming Israel France” ҳаракати  Париж яқинидаги “Dassault Aviation” компанияси идораси қаршисида Исроилни қуроллантирмасликни талаб қилиб намойиш ўтказди, деб хабар тарқатди “РИА Новости”.

Иштирокчилар Франциянинг “Thales”, “Safran”, “Dassault”, “MBDA” ва“Nexter” мудофаа компаниялари номи ёзилган баннерларни кўтариб олиб, Исроилни қуроллантиришни бас қилишга чақирмоқда.

АҚШ Сенегалда президент сайлови кўчирилишидан норози

Америка давлат департаменти фикрича, 2024 йил 25 февралда Сенегалда ўтказилиши белгиланган президент сайловининг бошқа кунга – 15 декабрга кўчирилиши ноқонуний.

Оқ уй Сенегални президент сайловини мамлакат конституцияси ҳамда сайлов қонунчилигига риоя қилган ҳолда ўтказишга чақирди.

Фаластинликлар Исроил билан ярашув шартини маълум қилди

Фаластин қаршилик кучлари Исроил ўт очишни тўхтатиб, армиясини Фаластин ҳудудидан олиб чиқиб кетгунга қадар ярашув таклифини қабул қилмайди, деди “Ислом жиҳоди” ҳаракати вакили Исмоил Сандавий “РИА Новости”га. Унинг таъкидлашича, ярашув кенг қамровли ва доимий бўлиши керак.

Покистонда яна бир портлаш

Биринчи портлаш аввалроқ сиёсий партиянинг Белужистон вилояти Пишин округидаги қароргоҳида содир этилган. Ўшанда 12 киши қурбон бўлган, 30 дан зиёд одам жароҳат олган эди. “Geo” телеканали маълум қилишича, иккинчи портлашдан кейин ҳалок бўлганлар сони 25 кишига етган, 40 киши жароҳат олгани айтиляпти.

Хитойнинг  Марказий Осиёга экспортида Шинжон етакчи

Урумчи шаҳри божхона статистикаси маълумотига кўра, ХХР Шинжон-Уйғур мухтор тумани билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида амалга оширилган товар айрбошлаш миқдори 2023 йил 283,67 миллиард юанни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 50 фоиз ўсишни билдиради. Шинжон ташқи савдо айланмасида Марказий Осиё мамлакатлари улуши 79,4 фоизни ташкил этди, деб ёзди “Жэньминь жибао” газетаси.

Конгресс Украинасиз Исроилга ёрдам бўйича қонун лойиҳасини маъқулламади

АҚШ Вакиллар палатаси Исроилга ёрдам ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқулламади, чунки ҳужжатга Украина учун кўзда тутилган маблағ киритилмаган эди.

Лойиҳа маъқулланиши учун конгрессменларнинг учдан икки қисми овоз бериши керак.

Аввалроқ сенаторлар муросага келинган бюджет ҳақидаги Украина ва Исроилга ёрдам кўрсатиш ҳамда мамлакатнинг жанубий чегараларида юзага келган вазиятни бартараф қилиш учун 118,3 миллиард доллар кўзда тутилган қонун лойиҳасини таклиф қилган эди.

Гаити президенти ўлдирилишида унинг рафиқаси гумонланяпти

Гаити Президенти Жовенель Моизни ўлдиришда гумонланган шахслар рўйхатида, бехос, унинг рафиқаси номи ҳам пайдо бўлди, деб ёзди “New York Times” суд ҳужжатига таяниб.

Прокурорнинг судга топширган аризасида марҳум президентнинг рафиқаси Мартин Моиз номи ҳам зикр этилган. Таъкидланишича, биринчи хонимнинг терговдаги кўрсатмаси бошқа гувоҳлар берган кўрсатмага зид келмоқда. Айтишларича, у президентлик лавозимини эгалламоқчи бўлган.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади.

ЎзА