Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Уинстон Черчиллга тегишли тилла ўрнатилган сохта тишлар кимошди савдосида 18 000 фунт стерлин яъни 22 600 долларга сотилди. Аукцион уйи директори Лиз Пулнинг айтишича, бу у сотган энг ғалати лотлардан бири бўлган.
Кимошди савдоси 6 февраль куни Англия ғарбидаги Челтенхем шаҳрида бўлиб ўтди. Дастлаб лот 10 минг АҚШ долларига баҳоланган.
Маълумотларга қараганда, Уинстон Черчилл умри давомида тиш касалликларидан азият чеккан ва 20 ёшида уларнинг бир нечтасидан айрилган. Черчилл учун тўртта сохта тишлар ясалган, собиқ бош вазир ўзи билан иккитасини олиб юрган, биттасини эса ўзи билан бирга дафн қилишган.
Ушбу лотни сотиб олган харидор ҳақидаги маълумотлар ошкор этилмаган.
Аукционга сохта тишлардан ташқари Черчилл Иккинчи жаҳон уруши тугаганини эълон қилган радиомикрофон ҳам қўйилган. Лотнинг нархи 14500 долларга баҳоланган.
Нозимбек Мардонов, Д.Ёкубов (видео), ЎзА