Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Айниқса, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижаси ўлароқ, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш, самарали келишувларга эришиш мақсадида Беларусь Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Бугун мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Беларусь қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат вазири Сергей Бартош бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида ўзаро етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари турини кўпайтириш, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик ва ветеринария, қишлоқ хўжалиги фанлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги босқичлари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида меҳмонлар Тошкент давлат аграр университетида ҳам бўлиб, дастлаб докторантлар, илмий ходимлар ҳамда иқтидорли талабалар ишланмалари, кашфиётлари акс этган кўргазма билан танишди.

Университет илмий ходимлари томонидан яратилган лимон, бута меваси (голубика), ежевиканинг янги навлари ҳосилдорлиги, юқори сифати ҳамда экспортбоплиги хусусида ҳамкорларимиз билан фикр алмашилди.

Озиқ-овқат маҳсулотларини микробиологик таҳлил қилиш лабораторияси фаолияти, талабаларнинг амалий дарс жараёнида мевадан шарбат ажратиб олиш ва мевани қуритиш усуллари Беларусь вакилларида жиддий қизиқиш уйғотди.

Жумладан, тажриба синов лабораторияси ҳамда Зооинженерия факультетида махсус чип ўрнатилган асалари уясининг ўзига хослиги, доимий кузатиб бориш, ҳароратни мунтазам назорат қилиш орқали асаларини совуқдан асраш имконини берувчи инновацион ечим делегация аъзолари эътирофига сазовор бўлди.

М.ПИРМАТОВА, ЎзА мухбири