Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасида ГФР Бундестаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси қўмитаси раиси Ҳерманн Фербер билан учрашув ўтказилди.

Унда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашувда Бундестаг вакилига Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолига экологик соф қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аграр соҳани янада ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадлар ва вазифаларга урғу берилди.

Жаноб Ҳерманн Фербер мамлакатимизда турли жабҳаларда амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолар экан, қишлоқ хўжалиги соҳасида рақамлаштириш, илғор хорижий тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш жараёнини жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, қўмита раҳбари Германиянинг “AgrarKontakte International e.V.” уюшмаси орқали аграр соҳа ёш мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашинуви, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда Ўзбекистон тажрибаси немис мутахассислари томонидан ўрганилиш борасидаги таклифини билдирди.

Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасига кўра, “AgrarKontakte International e.V.” уюшмаси турли ҳамкор мамлакатлар қишлоқ хўжалигининг ёш иқтидорли мутахассислари учун амалиёт ўташ дастурларини олиб боради. Олийгоҳ ва қишлоқ хўжалиги техникумлари талабалари учун амалиёт ўташ дастурлари билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар таълими ва ташкилий ривожлантириш каби йўналишлар ҳам йўлга қўйилган.

Учрашув якунида томонлар Германиянинг Баден-Вюртенберг федерал ерига аграр саноати салоҳиятини ўрганиш мақсадида ишчи ташрифни ташкил этиш, кейинчалик эса ўзбекистонлик соҳа вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ўзаро делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари хусусида ҳам фикр алмашди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА