Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мутасаддилари жойларда тадбиркорлик субъектларида бўлиб, уларга “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими имкониятларини амалий мисолларда тушунтириш ишларини амалга оширмоқда.

Божхоначилар “корхонабай” ишлаш тизими йўналишида Хўжайли туманида жойлашган “Karbalt-Rutoil” масъулияти чекланган жамиятда бўлишди. Бундан икки йил олдин товарларни божхона режимида қайта ишлаш бўйича янги тартиб жорий қилинган эди. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларига янада қулай шароит яратилиб, қайта ишлаш операциялари рўйхати кенгайтирилди.

Корхона 2022 йилда қайта ташкил этилган, нефть ва нефть маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва йилига 36 минг тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга. Корхонада бугунги кунда 40 нафар маҳаллий аҳоли вакили доимий иш билан таъминланган. 2023 йил давомида ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан Эрон ва Туркманистон Республикасидан 85 минг АҚШ доллари қийматидаги 380 тонна нефть маҳсулоти чиқиндиси ва совутувчи суюқлик каби хомашё импорти амалга оширилган.

Сўнгги пайтларда корхона “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими имкониятларидан ҳам самарали фойдаланмоқда. Корхона 2023 йилда илк маротаба чет элдан олиб кирилган хомашёни қайта ишлаб, Афғонистонга 36 минг АҚШ доллари қийматидаги 49,3 тонна автомобиль ёқилғиси экспортини амалга оширган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири