Бутун дунёда долзарб бўлиб бораётган сув танқислигининг олдини олиш, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш борасида муҳим вазифалар белгиланмоқда.

Хусусан, 1,5 минг километр йирик каналларни бетонлаштириш, 6 минг 113 та сув хўжалиги объектида сув ҳисобини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи қурилмаларни ўрнатиш, 2 минг 647 та мелиоратив кузатув қудуғида сизот сувлари сатҳи мониторингини автоматлаштирилган тизимга ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси жараёнида юқорида қайд этилган масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат дастури лойиҳасида жорий йилда пахта ва ғалла экинлари ҳосилдорлигини ошириш, жумладан, пахта ҳосилини ўртача 45-50, ғалла бўйича 80-100 центнерга етказиш мақсад қилинган.

Ушбу экинларнинг янги, тезпишар, серҳосил навларини танлаш ва жойлаштириш, танлаб олинган навлар майдонини ҳар йили камида ўн фоизга кенгайтириб бориш даркор. Тежамкор технологияларни экин майдонларининг 40-50 фоизида жорий этиш, олимларни агрокластерларга бириктириш ҳамда илмий асосланган тавсиялар бериш, тупроқ унумдорлиги паст бўлган пахта майдонларида алмашлаб экиш тизимини кенгайтириш зарур.

Чорвачиликда йиллик ўсиш суръатини камида 3,8 фоизга етказиш, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,2 баробарга, экспорт ҳажмини 1,5 баробарга ошириш, аграр соҳани замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш чораларини кўриш вазифаси қўйилмоқда.

Лойиҳада қуввати 45 минг тонна бўлган 11 та агрологистика маркази фаолиятини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалигида хавфли пестицидлардан фойдаланишни тартибга солиш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажмини камида 2,5 миллиард долларга етказиш белгиланган.

Мажлисда озиқ-овқат хавфсизлигини ва экинлардан юқори ҳосил олишни таъминлашга ҳамда қишлоқ хўжалигида янги иш ўринларини яратишга қаратилган масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 100 триллион сўмдан ошириш, яъни жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш даражасини 25 фоиздан ошириш, жумладан, мева-сабзавотни 3,2 миллион тоннага, гўштни 450 минг тоннага, сутни 3 миллион тоннага ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари улушини 40 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, хусусий сектор билан ҳамкорликда 13 та янги ўсимликлар клиникасини, аҳоли хонадонларида биолабораторияларнинг 400 та мавсумий шохобчаларини ташкил этиш орқали 1,2 мингта янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

Қизғин муҳокамалардан кейин сенаторлар, экспертлар гуруҳи аъзолари ҳамда мутахассислар томонидан Давлат дастури лойиҳасига бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА