Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Беруний тумани “Шаббоз” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Кўчкинов Қудрат” фермер хўжалиги даласида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, шўр ювишга ер тайёрлаш, лазерли текислашнинг аҳамияти каби долзарб вазифаларга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда томорқа эгалари иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан бириктирилган вакил Н.Атақулов Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича кредитлар ажратиш тизимига киритилган ўзгартиришлар ҳақида фермерларга маълумот берди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган эди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари ташкил қилинди.
Сув тежовчи технологияларни жорий қилишни рағбатлантириш мақсадида имтиёзли кредит линияси ташкил қилинмоқда. Хусусан, кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоизлик, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги лойиҳалар учун эса 10 фоиз ставкада ажратилади. Кредит олишда фермерлардан мол-мулк гарови талаб қилинмайди. Шунингдек, кредитлар онлайн ажратилиши йўлга қўйилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, 2024 йилнинг шўр ювиш даври учун Қорақалпоғистон Республикасидаги қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ва шўр ювиш ишлари учун 1 миллиард 272 миллион.м3 сув миқдори ажратилган. Мазкур даврда 160,8 минг гектар шўр ювиш ва 63 минг гектар ғалла майдонларида суғориш ишларини амалга ошириш режа қилинган.
Суғориш ишларида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шўр ювиш ишларида агротехник қоидаларга, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш мақсадида барча туманларга сув хўжалиги ташкилоти раҳбар ходимларидан масъуллар бириктирилиб, 195 та суғориш отряди ташкил қилинди.
Бугунги кунда жами манбадан 245,8 миллион.м3 сувдан фойдаланилиб, 10 минг 870 гектар ғалла, 38 минг 795 гектар томорқа ва бошқа майдонларда суғориш ишлари олиб борилди. Шунингдек, туманларда жами 102 минг 582 гектар майдон шўр ювишга тайёрланиб, 14 минг 969 гектар майдонда шўр ювиш ишлари ўтказилди. Шўр ювиш ишларини Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларида февраль ойининг иккинчи ярмидан бошлаш режалаштирилмоқда.
– Ўтган йили шўр ювиш, ерларни лазерли текислаш, сув тежовчи технологиялар жорий қилиш каби тадбирларнинг ўз вақтида сифатли олиб борилиши ҳосилдорликни оширишда асосий омил бўлади, – дейди “Кўчкинов Қудрат” фермер хўжалиги раҳбари Қудрат Кўчкинов. – Жорий йилда 40 гектар майдонга пахта экиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга 25 гектар майдонда шўр ювиш ишлари ўтказилди. Шунингдек, фермер хўжалигимиз ҳудудидаги 1 километр ариқ-зовурни бетонлаш ишлари амалга оширилди.
Кўргазмали семинар иштирокчилари фермер хўжалиги даласида ерни шўр ювишга тайёрлаш, лазерли текислаш, ариқ-зовурларни бетонлаш ишлари билан танишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (видео,сурат),
ЎзА мухбирлари