Интернетдаги зарарли ахборотлардан болаларни ҳимоя қилиш бўйича аниқ нормалар жорий этилади

Бу Давлат дастурига сенаторлар ташаббуси билан киритилган ва бу норманинг амалда ишлаши фарзандларимиз маънавий ва жисмоний хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жорий йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасида 7,5 минг нафарга яқин ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, 100 та волонтёрлик лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизини ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтириш, 300 минг нафарининг бандлигини таъминлаш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, 10 миллион нафар аҳолини югуриш, футбол, волейбол, теннис, шахмат ва сузиш каби спорт турларига жалб қилиш, разрядли ва унвонли спортчилар сонини 30 мингга етказиш, маҳаллаларда 400 та спорт майдончасини барпо қилиш, олимпия спорт турлари бўйича 450 та спорт секциясини ташкил этиш назарда тутилган.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасидаги муҳим ва устувор вазифалар муҳокама этилди.
Маданият йўналишида маҳаллаларда умуммиллий бирдамлик боғларини босқичма-босқич ташкил этиш, туркий тилли давлатлар ёш ижодкорлари анжуманини ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. Давлат театрлари томонидан намойиш этиладиган спектаклларга 3,6 миллион томошабин жалб қилиш, жойларда ўтказиладиган цирк томошалари сонини 550 тага ошириш ҳамда Нукус шаҳри ва вилоятлар марказида жойлашган маданият ва истироҳат боғларида биттадан замонавий ёзги кинотеатр ва book-кафе фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
“Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳасини жорий этиш, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш орқали 15 минг нафар иқтидорли ёшларни нуфузли халқаро компаниялар талабларига мос дастурлар асосида тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.
Лойиҳада мазкур қўмита томонидан илгари сурилган “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган зарарли ахборотлардан болаларни ҳимоя қилиш бўйича аниқ нормалар киритиш таклифи ҳам ўрин олган. Бу бўйича қўмита аъзолари экспертлар билан биргаликда чуқур таҳлиллар ўтказиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан Давлат дастури лойиҳаси юзасидан айрим таклифлар илгари сурилди.
Н.Абдураимова, ЎзА