Халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функциялари кенгайтирилди

Шу йил 5 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларини кенгайтириш, уларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга ҳужжат бўлди.
Мазкур фармонга кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.
Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилди. Эндиликда мазкур фармон билан таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилмоқда.
Бунда ушбу йўналишлардаги муҳим масалаларни ҳал этишда ҳудуд аҳолисининг фикри инобатга олинади. Жамият манфаатларига бевосита дахл қилувчи масалаларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг масъуллиги янада ошади. Шу билан бирга, ҳокимликларнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ташаббускорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Фармонда белгиланган тартибларга кўра, маҳаллий Кенгашлар ўз фаолиятини давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга оширади. Хусусан, эндиликда маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилган ва Кенгашлар фаолиятига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, мазкур фармонда кўзда тутилган янгиликлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтиришга, депутатларнинг ташаббускорлигини оширишга, уларнинг фақатгина ўз сайловчилари ва тегишли ҳудуд манфаатини кўзлаган ҳолда иш олиб боришига замин бўлади. Ҳудуддаги муайян муаммоларни ҳал этишда турли тўсиқларга учрамаслиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдорларининг қош-қовоғига қараб иш тутмаслигига замин бўлади.
Зеро, маҳаллий Кенгашлар депутатлари халққа энг яқин бўлган, шу ҳудудда қандай масала ва муаммолар борлигидан, аҳолини қийнаётган, ўйлантираётган муаммолар илдизидан воқиф бўлган вакил ҳисобланади. Уларга янада кенг ваколатлар берилиши, шубҳасиз, депутатларнинг чин маънода халқ вакили сифатида иш олиб боришига замин бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА