Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Экологик маданиятни ошириш ва бунда экологик тарбия жараёнида хотин-қизларнинг ўрнини кучайтириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасида партия аъзолари сони 47 минг нафардан ошган. Шулардан 24 минг 789 нафарини аёллар ташкил этади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 12 нафар депутатидан 2 нафари, шаҳар ва туман Кенгашларининг 40 нафар депутатидан 10 нафари хотин-қиздан иборат.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида хотин-қизларнинг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, жамиятдаги экологик фаолликни кучайтиришда хотин-қизларнинг ўрни беқиёс. Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад жойларда экологик муаммоларни бартараф этишда биргаликда жамоатчилик эътиборини қаратиш, оилада экологик маданиятни шакллантириш, санитар-гигиена меъёрларига амал қилиш, сувни тежаш, чиқиндиларни саралаш, ўсиб келаётган ёш авлодни табиатга меҳрли этиб тарбиялашдан иборат.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва унинг доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” белгиланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.