Депутатлар қонун лойиҳаси унинг концепциясига мос бўлиши кераклигини таъкидлади

Бугунги кунда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, уларни кўпайтириш чораларини кўриш ҳамда улардан эҳтиёткорона фойдаланиш долзарб масалалардан бирига айланган. Айниқса, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ўсимлик ва ҳайвонот турларини асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонот турларини муҳофаза қилишни янада кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бу борада муайян чораларни белгилаш назарда тутилмоқда.
— Янги таҳрирдаги Конституцияда экологик масалалар, хусусан, атроф-муҳитни асраш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга доир бир қатор нормалар ўз аксини топди, — деди экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков. — Қонун лойиҳаси билан “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар турларидан фойдаланишни тақиқловчи ва чекловчи талабларни белгилаш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган турларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва уларнинг яшаш-ўсиш муҳитини асраш, алоҳида муҳофазага олиш ҳамда келажак авлодга бус-бутунлигича қолдириш имкониятини беради.

Муҳокамаларда сўз олган депутат Зафар Худойбердиев қонун лойиҳаси ва унинг концепцияси бир-бирига тўғри келмаслигини, лойиҳада тақиқловчи ва чекловчи талаблар кўринмаётганини билдирди. Шунингдек, депутат “тушунтириш хатида “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасида Қизил китобга киритилган ҳайвонларни ўлжа олиш мақсадида овлаш нормаси кучайтирилаётгани айтиляпти, аммо лойиҳада кучайтирилаётган норма йўқ”, деди.
Шунингдек, Спикер ҳам депутатнинг эътирозлари ўринли эканлигини таъкидлаб, қонун лойиҳасидаги камчилик ва номувофиқликларни қайд этди.
Бундан ташқари, яна бир қатор депутатлар қонун лойиҳасининг камчиликлари, концепциясига мос келмаётгани ҳақида қатор савол ва эътирозларни ўртага ташлади. Масъул қўмита раиси эса лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқуллаб берилишини, иккинчи ўқишгача янада такомиллаштирилишини билдирди. Аммо депутат Шуҳрат Шарофиддинов концепциясини маъқуллаш учун лойиҳа концепцияга мос бўлиши кераклигини таъкидлади.
Вазир ўринбосари депутатларнинг эътирозлари ўринли эканини тан олган ҳолда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга қадар янада такомиллаштиришга, нормаларни кучайтиришга, камчиликларини тўғрилашга ваъда берди.
Қизғин баҳс-мунозара ва таклиф-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА