Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида таэквондо WТ бўйича 11-маротаба ўтказилган “Fujayra Open” турнирида Ўзбекистон терма жамоаси 6 олтин, 1 кумуш ва 3 бронза медалига сазовор бўлди.
“G2” таснифидаги мазкур мусобақанинг -74 кг вазн тоифасида ҳал қилувчи финал беллашувида ҳамюртларимиз Улуғбек Рашитов ва Нажмиддин Қосимхўжаев ўзаро рақобатлашди. Кескин ва муросасиз ўтган баҳсда У.Рашитовнинг қўли баланд келди ва олтин медаль соҳиби бўлди. Н.Қосимхўжаев эса кумуш медалга эга чиқди.
Шунингдек, мусобақа давомида Жаҳонгир Худойбердиев (-54 кг), Диёрбек Тўхлибоев (-68 кг), Жасурбек Жайсунов (-80 кг), Озода Собиржонова (-67 кг) ва Ирода Миртожиева (+73 кг) ўз вазн тоифаларида барча рақибларини таслим этган ҳолда терма жамоамиз ҳисобига олтин медални келтирди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Мавлонбек Тўхтасинбоев (-80 кг), Никита Рафалович (+87 кг) ва Феруза Содиқова (-67 кг) бронза медали билан тақдирланди.
Шу тариқа, миллий терма жамоамиз халқаро турнирни 6 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза, жами 10 та медаль билан якунлади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунга қадар мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси бу каби натижага эришмаган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири