Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 февраль куни ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистонда ижтимоий давлат қуриш стратегик мақсад этиб белгиланган. Аҳоли турмуши учун муносиб шароитлар яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Охирги етти йилда мактабгача таълимда қамров 27 фоиздан 74 фоизга етди. Янги мактаблар қурилиб, қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилди. Президент мактаблари ташкил этилди, ихтисослаштирилган мактаблар кўпайди. Олий ўқув юртлари сони 200 тадан ошиб, қамрови 42 фоизга етди. Таълим ва тиббиётда хусусий секторга кенг йўл очилиб, сифатга интилиш пайдо бўлди.

Шу билан бирга, бу соҳаларда аҳоли билан ишлаш, стандартларни янгилаш ва рақамлаштириш борасида камчиликлар бор. Йиғилишда шу каби муаммолар таҳлил қилиниб, жорий йилги вазифалар белгиланди.

Барча мактабгача таълим муассасаларини миллий қадриятларимизга мос ўқув-методик материаллар билан таъминлаш, овқат таъминоти, давомат, бадал пули каби жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди. Боғча мудиралигига номзодларни саралаш ва лавозимга тайинлаш, тарбиячилар малакасини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Таълим соҳасида вазифалар жуда кўп. Шу боис ўтган ҳафтада Лойиҳа офиси ташкил қилинди ва унга катта илмий-амалий тажрибаси бор мутахассислар жамланди. Энди мазкур офис Таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази билан биргаликда мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилайди. Ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилади.

Президент мактаблари таълим дастури яна 1 мингта мактабда қўлланади. Уларнинг моддий-техник базаси шунга мувофиқ яхшиланади. Мактабларга “тил эгалари”ни олиб келиш амалиёти кенгайтирилади.

Ёшлар мактаб давридаёқ, ҳеч бўлмаса, битта ҳунарни эгаллаб, катта ҳаётга қадам қўйса, ўз йўлини топади. Шу мақсадда 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, улар бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилади. Мактабларда устахоналар, тадбиркорлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда тўгараклар ташкил этилади, “Касбий таълим устаси” лавозими очилади. Мактабдаги бўш жойлар тадбиркорларга ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун текин фойдаланишга берилади. Ўқув курсини тамомлаб, имтиҳондан ўтган ўғил-қизларга малака сертификати берилади.

Давлатимиз раҳбари мактаблардаги тарбия ва маънавият масаласига алоҳида тўхталди. Ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет” ҳосил қилиш зарурлиги таъкидланди. Мактаблардаги 2 мингта инспектор-психолог штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.

Дарслардаги давоматга, тарбияси оғир ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратилади. Ота-оналар ва маҳалла раисларининг бу борадаги масъулияти оширилади. “Мактаб – ота-она – маҳалла” занжири асосида электрон мулоқот платформасини ишга туширилади.

Ёшлар ўртасида оммалашган ижтимоий тармоқлар таҳлил қилиниб, уларнинг зарарли таъсиридан ҳимояланиш ва ижобий томонидан фойдаланиш чоралари кўрилади. Шунингдек, ота-оналар учун фарзанд таълим-тарбияси бўйича халқчил тилда қўлланмалар тайёрланади.

– Бу ташаббуслар йўлга қўйилса, мактаб таълими бўйича ота-онада масъулият, ўқитувчида мажбурият, ўқувчида ишонч, таълим ва тарбияда сифат, маҳаллада эса назорат бўлади, – деди Президент.

Профессионал ва олий таълимдаги айрим йўналишлар ҳозирги меҳнат бозорига, технологик янгиланишларга мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Иш берувчиларда катта эҳтиёж, талабаларда салоҳият ва хоҳиш бор. Лекин уларни боғлайдиган узвий тизим йўқ.

Шу боис энди Касбий билим ва малакаларни ривожлантириш республика кенгаши ҳамда Меҳнат тадқиқотлари институти таълим соҳасидаги Лойиҳа офисига бириктирилади.

Талаб юқори бўлган 100 та касб стандартлари Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибаси асосида янгиланади. Бунда малака талаби иш берувчи эҳтиёжига мослашади. Профессионал таълим устозларига янги стандартлар бўйича ўқитиш талаблари қўйилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб, техникумларда ўқитиш “академик” ва “ишчи касб” компонентларининг узвийлигини таъминлайдиган янги тизим асосида йўлга қўйилади. Бунда коллеж-техникумнинг 1-2 курсидаги таълим дастурлари, дарсликлар, билимни баҳолаш мезонлари ва муаллимларга талаблар олийгоҳлар билан бир хил бўлади.

Техникумларда ҳам “кредит тизими” жорий қилиниб, фанни ўзлаштириш бўйича тўпланган “кредитлар” олийгоҳларда тан олинадиган тизим бўлади. Яъни, коллеж-техникумда икки йил давомида етарли “кредит” тўплаган ўқувчилар “2+2” ёки “2+3” дастурлари асосида олийгоҳларнинг иккинчи ёки учинчи курсларида таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Коллеж-техникумда ўқиб, фаолиятини ишлаб чиқаришда давом эттирмоқчи бўлганларни соҳадаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги тизим йўлга қўйилади. Энди коллеж-техникумда “ишчи касб” йўналишида ўқиганлар икки ёки уч йил ишлаб, тажриба орттирганидан кейин, имтиҳон топшириб, бакалаврга тенг малака даражасини олиши мумкин.

Мутасаддиларга хорижий тажриба асосида олийгоҳ, техникум ва коллежни бир-бирига боғлаш шартлари ва тартибини ишлаб чиқиш топширилди. Олий таълим муассасаларига мақом беришнинг аниқ мезонларини белгилаш, бакалавр йўналишларини мақбуллаштириш, таълим дастурларини дунёдаги 300 та энг яхши олийгоҳ дастури асосида янгилаш вазифаси қўйилди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Президент Администрацияси ҳузурига ўтказилиб, хорижда ўқиш бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланди.

Аҳоли ҳаётида катта ўрин тутадиган соҳалардан бири бу соғлиқни сақлаш. Йиғилишда бу борадаги долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бирламчи тиббиёт тизимида сифат ва мутахассислар етишмаслиги қайд этилар экан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига соҳадаги барча вакансияларни онлайн платформага жойлаштириб, кадрларни ишга олиш бўйича шаффоф тизим яратиш топширилди.

Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, аввало, қишлоқлар аҳолисига хизмат қилиши кераклиги таъкидланди. Уларни бирламчи бўғин билан боғлаш, иш тизимини рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Касалликларни эрта аниқлаш мақсадида эндиликда хавф гуруҳига кирувчи аҳолини юрак қон-томир, онкология ва эндокрин касалликлари скринингидан ўтказиш тизими ўзгартирилади. Бунинг учун республика кардиология, эндокринология, онкология марказлари масъул бўлади.

Шунингдек, онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш жорий қилинади. Бу тажриба 1 майдан Қашқадарёда бошланади ва келгуси йилдан бошқа ҳудудларда йўлга қўйилади.

Хорижий экспертларни жалб қилиниб, эскирган клиник протокол ва стандартлар халқаро мезонларга мослаштирилади. Касаллиги енгил беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволаш кенгайтирилади.

Тиббиёт соҳасидаги 23 та марказ, 12 та олийгоҳ, 2 та малака ошириш марказига замонавий менежерларни ишга олиниб, халқаро аккредитациядан ўтказилади. Бунинг натижасида шифокор ва ҳамширалар янгича ўқитилади, даволаш сифати ошади, дори ёзиш камаяди, энг муҳими – ривожланган клиникалар муҳити кириб келади.

Сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм йўналтирилди. Бунинг натижасида аҳолига кўплаб қулайликлар яратилди. Энди “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон тиббий карта” тизимлари ишга туширилади. Кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида бериш йўлга қўйилади. Вилоят шифохоналари ҳам электрон йўлланма тизимига уланади.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир она ва бола ўлимига “фавқулодда ҳолат”, деб қараш кераклигини айтди. Туғруқхоналарни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, ҳомиладор ва туғруқ ёшидаги аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, доя ва ҳамшираларни қўшимча ўқитиш бўйича топшириқлар берилди.

Маданият соҳасида аввал белгиланган вазифалар ижроси таҳлил қилинди. Ҳар бир туманда кинозали, кутубхонаси ва тўгарак хоналари бўлган маданият маркази барпо этиш, ҳудудларда маданий тадбирлар ўтказиш ва ёшларни санъатга жалб қилиш масалалари кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, маҳаллаларни оммавий туридан бирига ихтисослаштириш, ҳудудлар ва республика миқёсида мусобақалар ташкил этиш бўйича вазифалар қўйилди.

Шу йил Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Спортчиларнинг йўлланмаларни қўлга киритиши ва мусобақаларга яхши тайёргарлик кўриши учун барча шароитлар яратилиши айтилди. Уларни чуқурлашган тиббий кўрикдан ўтказиш, фармакология ва диетология жиҳатидан сифатли таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.