Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, қишнинг қировли кунларида юзага келадиган авария ҳолатларини вақтида бартараф этиш, аҳолини узлуксиз ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминлаш, фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни ижобий ҳал этиш мақсадида 2023 йилнинг 1 ноябридан бошлаб кеча-ю кундуз фаолият юритувчи штаб ташкил этилган.
Бу ерда ўрнатилган 4 та телефон рақамига келиб тушган мурожаатлар мутахассислар томонидан қабул қилиб олинади ва тегишли ташкилотларга етказилади. Мазкур муаммонинг ижроси штаб томонидан назорат қилиб борилади.
Масалан, Қўнғирот туманидаги “Қангли” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли тураржойда электр таъминотидан узилиш юзага келди. Ушбу уйда истиқомат қилувчи Дилбар Даниярова Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги махсус штабга мурожаат қилди. Унинг мурожаати туман электр тармоқлари корхонасига етказилди. Носозлик юз берган ҳудудга корхонадан навбатчи бригада жўнатилди. Мутахассислар об-ҳавонинг совуқ бўлишига қарамасдан, ўзларининг бор маҳоратини ишга солиб, топшириқни тез ва сифатли бажаришга эришди. Натижада тураржойда электр таъминоти тикланди.
– Куз-қиш ойларида штабнинг ташкил этилгани аҳоли учун анча қулайлик яратади, – дейди Нукус шаҳри “Кўк зак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли тураржойларнинг бирида истиқомат қилувчи Ғазинели Султанова. – Хонадонимиздаги газ плитасида авария ҳолати юзага келганлиги туфайли штабга қўнғироқ қилдим. Шаҳар газ таъминоти корхонасидан мутахассислар етиб келди ва муаммони тез бартараф этди. Бунинг учун соҳа ходимларига миннатдорчилик билдираман.
– Куз-қиш штабига бугунги кунга қадар 577 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 576 таси вақтида ижобий ҳал қилинди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бўлим бошлиғи, штаб котиби Камал Авезов. – Штабга 20 та мутасадди ташкилотдан мутахассислар жалб қилинган. Ҳар куни келиб тушган мурожаатлар тегишли ташкилотларга етказилиб, ижроси назорат қилинмоқда. Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ҳудуд газ, ичимлик сув таъминоти, электр энергияси, ободонлаштириш, транспорт хизмати ва бошқа соҳаларга тегишли муаммолардан иборат.
Штабнинг ташкил этилиши аҳолига кўрсатилаётган коммунал ва бошқа хизматларнинг сифатини оширишга, жойларда юз бераётган ҳар қандай муаммоларни вақтида сифатли бартараф этишга, энг асосийси, аҳолининг бугунги кундан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, шу тарздаги штаблар шаҳар ва туманларда ҳам ташкил этилиб, 24/7 соат режимида фаолият олиб бормоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат,видео),
ЎзА мухбирлари