Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 4 февраль – Жаҳон саратонга қарши кураш куни олдидан Саратон касалликларини ўрганиш бўйича халқаро агентлик (IARC) томонидан тайёрланган муҳим ҳисоботни эълон қилди.
Мазкур ҳужжатда 2050 йилгача дунё бўйлаб саратон касаллиги билан боғлиқ 35 миллиондан ортиқ янги ҳолат қайд этилиши кутилаётгани, бу ҳозиргидан 77 фоиз кўп экани таъкидланган. Aҳоли қариши, тамаки, алкогол истеъмоли, семизлик ва ҳаво ифлосланиши даражаси тез ўсиши тахмин қилинаётгани салбий ҳолатнинг асосий омили сифатида баҳоланяпти.
ЖССТ Саратонни назорат қилиш бўлими раҳбари доктор Фредди Брей сўзларига кўра, инсон тараққиёти индекси турли даражага эга мамлакатларда саратон кўпайиши тенденцияси нотекис манзара касб этган. Яъни, ушбу хасталикка қарши курашиш учун энг кам ресурсга эга давлатлар глобал юкни кўтаришига тўғри келмоқда.
ЖССТ 115 мамлакатда ўтказган сўров аксарият юртларда саратонни даволаш учун зарур асосий хизмат учун етарли маблағ йўқлигини кўрсатди. Бундан ташқари турли аҳоли гуруҳларининг касалликни сифатли даволашдан фойдаланишида тенгсизлик яққол намоён.
2022 йил ер юзи бўйлаб уч хил – ўпка, кўкрак ва колоректал, яъни йўғон ичак ёки тўғри ичак саратони энг кўп тарқалгани маълум.
Ўпка саратони бутун дунё бўйлаб ушбу офат туфайли юз берадиган ўлим ҳолатининг асосий сабаби бўлиб, 1,8 миллион ёки умумий миқдорнинг 18,7 фоизини ташкил этмоқда. Колоректал 9,3, жигар 7,8, кўкрак 6,9 ва ошқозон саратони 6,8 фоиз ўлимга олиб келган.
ЖССТ экспертлари фикрича, ўпка саратони кучли тарқалиши, эҳтимол, Осиёда тамаки маҳсулотлари доимий равишда ва оммавий истеъмол қилиниши билан боғлиқ.
ЎзА