“Фонд бозори Ахборот-ресурс маркази” ДУК “Тошкент” Республика фонд биржасининг веб-сайтини кўриш ва ундан маълумотларни юклаб олиш учун янги @rfb_toshkent_bot телеграм-ботини ишга туширди.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълумотларига кўра, маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида берилган. Бот бир қатор имкониятларни тақдим этади. Масалан, “Листинг қилинган компаниялар” бўлимида биржанинг котировкалаш варағига киритилган эмитентлар тўғрисидаги маълумотлар ўрин олган. Зарурат туғилганда муайян эмитент ҳақида батафсил маълумотларни айнан шу ердан олиш мумкин.

“Савдо натижалари” бўлими орқали биржадаги қимматли қоғозлар билан алоқадор охирги битимларни кузата оласиз. Бундан ташқари, бу ерда белгиланган муддат ичида ISIN бўйича муайян акциялар учун савдо натижаларини юклаб олиш мумкин. “Савдо қоидалари” бўлими эса биржа томонидан тасдиқланган қоидаларнинг сўнгги намуналарини PDF форматида юклаб олиш имконини беради. “Янгиликлар” бўлимида фонд бозоридаги янгиликлар ҳақида хабарлар чоп этилади. “Тошкент” Республика фонд биржаси сайтида эълон қилинган фонд бозорига оид PDF нусхадаги таҳлилий материалларни  “Таҳлил” бўлимидан топасиз. “Фикр қолдириш” тугмасидан фойдаланиб эса бот дастурчиларига ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни юборишингиз мумкин.

Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА