Ер ости сувидан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилмоқда

2023 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ва улардан фойдаланиш муносабатларини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан “Ер ости сув олиш иншоотларини сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлаш тартиби тўғрисида”ги ва “Хавфли геологик жараёнларнинг давлат мониторинги тўғрисида”ги низомлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ер ости сувларига қудуқ бурғилаш фаолияти учун рухсатномани “Лицензия” ахборот тизими орқали бериш тартиби белгиланди.
Бугун Миллий матбуот марказида ўтказилган тадбир ушбу қарор мазмун-моҳияти ва унинг ижросига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги масъуллари ер ости сувига қудуқларни бурғилаш ва улардан фойдаланиш муносабатларини тартибга солишни янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда ер ости сувидан самарасиз фойдаланиш натижасида республиканинг 18 туманида ер ости суви сатҳи 5 метргача, 10 туманида эса 5 метрдан ортиқ тушиб кетиши ҳолати кузатилган. Ер ости сувининг аниқ ҳисобини юритиш мақсадида ер ости сув олиш иншоотларига сув ҳисоблаш воситаларини ўрнатиш мажбурияти юкланмоқда.
Бундан жисмоний шахсларнинг шахсий ва хўжалик эҳтиёжи учун якка тартибда суткасига 5 метр кубгача бўлган миқдорда ер ости сувини олиш мустасно. Ҳозирги кунда республиканинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида хавфли экзоген геологик жараёнлар содир бўлиши мумкин бўлган 844 та объект аниқланган.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Давлат геологик мониторинг хизмати бошлиғи Расул Бегматовнинг сўзларига кўра, мазкур ҳолатларни инобатга олган ҳолда, ушбу қарор билан аниқ механизмларга асосланган Хавфли геологик жараёнларнинг давлат мониторинги низоми ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
–Ер ости сувини асраш ҳар бир фуқарога катта масъулият юклайди. Шу сабабли, бугунги иқлим ўзгариши даврида ундан оқилона ва самарали фойдаланиш талаб этилади. Бунда “Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ва улардан фойдаланиш муносабатларини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биз учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Ўз навбатида, вазирлигимиз томонидан ушбу қарор ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва тизимли ишлар борилмоқда. Дейлик, ер усти сувини тўссангиз, у тўхтайди, очсангиз оқади. Ер ости суви эса бирданига кўпайиб ҳам кетмайди, бирданига камаймайди ҳам. У инерция билан давом этаверади. Ўша камайиш инерцияси яна бир-икки йил давом этади. Айни пайтда бу борада мониторинг ишлари ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу биринчи ўринда ерларни суғориш масаласи билан боғлиқ. Яъни, ер ости сувларининг 37 фоизи ерларни суғоришга ишлатилади. Шундан 35 фоизи ичимлик сувига, қолгани бошқа мақсадларда ишлатилади, – деди Р.Бегматов
Шунингдек, матбуот анжуманида ер ости сувидан самарали фойдаланиш бўйича киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти бўйича ҳам тушунчалар берилди. Унга кўра, ер ости сувининг кўп йиллик ўртача сатҳига нисбатан сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига гидрогеологик хулоса берилмайди.
Ер ости сувидан махсус фойдаланиш ёки уларни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома Ер қаъридан фойдаланиш маркази томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимидаги гидрогеология корхоналари хулосасини инобатга олган ҳолда бериш каби чоралар кўзда тутилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА