БАА Қизил Ярим ой жамияти маъмурияти фаластинлик биродарларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бошланган “Жасур қўмондон-3” гуманитар амалиёти доирасида Ғазо сектори бўйлаб инсонпарварлик ёрдами тарқатишни давом эттирмоқда, деб ёзди “WAM”.

23-30 январь оралиғида озиқ-овқат ва асосий жиҳозлар, шунингдек чодир олган ғазоликлар сони 609 314 нафарга етди.

Департамент Рафоҳ, Хон Юнис ва Марказий музофотлардаги ички кўчманчиларга озиқ-овқат тайёрлаш ва тарқатиш учун 17 жамоат ошхонасини ҳозирлади. Шунингдек, мавжуд танқисликни енгиллаштириш учун ун етказиб бериш орқали новвойхоналарни қўллаб-қувватлади.

Президент Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён кўрсатмасига мувофиқ, 5 ноябрдан бошлаб Ғазо аҳолисига мунтазам равишда кўмак жўнатилмоқда. Бу ҳаракат БААнинг қардош Фаластин халқи билан бирдамлигини кўрсатади.