Яшил қопламалар барпо этилмоқда

Айни кунларда Орол денгизининг қуриган тубига кенг кўламда яшил қопламалар барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманлари давлат ўрмон хўжаликлари ходимлари “Aқпеткей” массивида саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар уруғини йиғиш ва экиш ишларини бошлаб юборди.

Жорий йилда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 200 минг гектар майдонда чўлга чидамли ўсимликлар экилади. Шундан 140 минг гектарига самолёт ёрдамида, 50 минг гектарига техника ёрдамида уруғдан ва 10 минг гектарига кўчатдан экиш режалаштирилган.

Гимнастика маркази қурилмоқда 

Нукус шаҳридаги “Темир йўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказининг қурилиши бошланди.

Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг соғлом фикрли, жисмоний чиниққан, баркамол авлод бўлиб камолга етишига, айниқса, улар орасидан юртимиз шарафини дунёга танитадиган спортчиларнинг чиқишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги иншоот қурилишининг бошланиши ушбу йўналишдаги ишларнинг амалий кўриниши ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида биринчи босқичда Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказларини ташкил этиш белгиланган.

Қурилиш ишларига 75 миллиард 315 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, марказ фойдаланишга топширилгандан кейин гимнастика спорт турларини ривожлантиришда катта роль ўйнайди.

Қишлоқ мактабига IТ ускуналари топширилди 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг “Қишлоқни барқарор ривожлантириш” дастури доирасида Тўрткўл тумани “Отаюрт” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 9-сонли умумтаълим мактабига 122 миллион сўмлик IТ ускуналари топширилди.

“Инфратузилмани бошқариш соҳасида муҳандислик хизматлари ва салоҳиятини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан олинган замонавий компьютерлар жамланмаси, интерактив доска ҳамда қўшимча қурилмаларидан иборат IТ ускуналари эндиликда мактаб ўқувчиларининг информатика фани ҳамда IT соҳаси бўйича билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири