Истироҳат боғларидаги 320 та аттракцион фаолияти вақтинча тўхтатилишининг сабаби нима эди?

346

Бугунги маданият ва истироҳат боғлари кечагиларидан фарқ қилади. Бундай масканларга бошқа соҳаларда бўлгани каби қатор замонавий технологиялар кириб келди.

Шитоб билан ўз ўқи атрофида айланаётган арғимчоқ. Ундаги болакайларнинг шодон қийқириғи қулоққа хуш ёқади. Уларни томоша қилаётган катталарнинг боладай суюнаётганини кузатиш ёқимли. Ана, бошқа томонда эса набираларини ойнали хоначалар билан жиҳозланган чархпалакка чиқариб юборган отахон газета варақлаб ўтирибди.

Баъзи аттракционлар шу даражада мукаммал ва мураккаб ишлайдики, ундан фойдаланишга юрак дош бермайдигандай туюлади. Лекин инсон табиати кучли ҳаяжон, баъзан қўрқувга солувчи ўйин қурилмаларидан фойдаланишга мойил бўлади. Бу ҳис, кўнгилдаги мойиллик эса замонавий ўйин жиҳозларининг хавфсизлигига ишончингиз комил бўлгандагина туғилади.

Шу ўринда савол пайдо бўлади, одамларнинг бундай ишончига қандай эришилади? Кўнгилочар масканлардаги қурилмалар созлиги ким томонидан назорат қилинади?

Маданият ва истироҳат боғлари, шунингдек, бошқа кўнгилочар масканларда ўрнатилган аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя қилинишини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йил 4 апрелда тегишли фармойиш қабул қилинган.

– Ҳукумат фармойиши билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги мавжуд аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш учун 16 та ишчи гуруҳ тузилган, – дейди Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг Истироҳат боғлари аттракционларини назорат қилиш бўлими бош мутахасиси Абдуфотиҳ Рашидов. – Бунинг учун ҳудудлар кесимида маҳаллий ҳокимликлар, тегишли вазирлик ҳамда идораларнинг юз нафардан ортиқ вакиллари жалб қилинган. Ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлардаги мавжуд 148 та маданият ва истироҳат боғларида жами 1 минг 993 та аттракцион кўздан кечирилди. Улардан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиш ҳолати ўрганилди. Ўрганиш даврида баъзи камчиликлар ҳам аниқланди. Уларни тезкор бартараф этиш бўйича билдиришномалар киритилди.

Камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бир қанча бандлар доирасида ўрганишлар олиб борилган. Қуйида уларнинг баъзиларига тўхталамиз.

Бугунги ўйин қурилмалари оддий арғимчоқ ёки судралиб юрадиган аравача эмас. Уларни истаган одам ишлата олмайди. Бунинг учун маълум даражада билимга эга бўлиш, махсус йўриқномалар мукаммал билиши, меъёрларга мос келувчи иш кийими бўлиши талаб этилади.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида аттракционларга хизмат кўрсатувчи жавобгар шахс ва операторларнинг 1 минг 200 нафаридан ортиғида лавозим йўриқномаси мавжуд эмаслиги аниқланди. Аттракционга бириктирилган ходим махсус ўқув-курсларда ўқитилган бўлиши лозим. Афсуски, минг нафардан ортиқ ана шундай ходимда ўқиганлиги тўғрисида гувоҳнома мавжуд эмаслиги қайд этилди.

Одатда аттракционлар кунлик техник кўрикдан ўтказилади ва у белгиланган тартибда қайд қилиб борилади. Ўрганишлар давомида кўп ҳолларда ана шу журнал юритилмаслиги маълум бўлди.

Аниқланган камчиликлар бўйича маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган аттракционлардан 320 таси фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Аттракционларни соз ҳолатда ва бехатар ишлатиш бўйича жавобгар шахслар камчиликларни бартараф этиши кераклиги ҳақида огоҳлантирилди.

Ўтказилган ўрганишлар келгусида кўнгилочар масканларга келувчилар ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири