Қозоғистон ҳукумати ўз бошқарувидаги 22 аэропортни фуқаро авиацияси соҳасида саноатни ривожлантириш ва қитъавий транзит хаби яратиш мақсадида Европадан келаётган инвесторларга бериш режалаштирилмоқда, дея хабар берди “Kazinform”. Бу ҳақда республика транспорт вазири Марат Қорабаев Брюсселда Бельгия Бош вазири ўринбосари – транспорт вазири Георгес Гуилкинет билан учрашувда айтган. Мулоқот лавомида мавжуд транспорт йўлакларини кенгайтириш, шунингдек икки мамлакат ўртасида транспорт соҳасида узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Қорабаев айтишича, Қозоғистон яқин 5 йил ичида транспорт соҳасидаги йирик инфратузилма лойиҳалари учун 40 миллиард евро жалб этиш ниятида.
– Шу давр ичида 4 700 километр транзит йўлни реконструкция қилиш ва Транскаспий халқаро транспорт йўналиши асосини ташкил этувчи махсус йўлни таъмирлаш режалаштирилган, – дейди вазир. – Бунинг учун “Global Gateway” ташаббуси доирасида маблағ тўплаш ва европалик пудратчиларни Қозоғистонда автомобиль йўли қурилиши бўйича йирик лойиҳа иштирокчиси бўлишга таклиф қиламиз.
Шунингдек, қардош мамлакат 1300 километр янги темир йўл магистрали барпо этиш ва мавжуд инфратузилмани модернизация қилишга киришади.
Денгиз флотини мустаҳкамлаш ва Aқтау портида контейнер хаби яратиш учун инвесторларга терминал иншоотини ривожлантириш учун 171 гектар ер таклиф қилинмоқда. Шу билан бирга, Ақтау ва Қурик денгиз портларини кема ёки тўлов шартида ишончли бошқарувга ўтказиш мумкин.