“Ўзэнергоинжиниринг” АЖ ва “Energy China International” шўъба корхонаси ўртасида келишув

423

Яқинда “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ ва Хитойнинг “Energy China International” шўъба корхонаси ўртасида қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Унга кўра, мазкур қўшма корхона қайта тикланувчи энергия манбаларини интеграция қилишни инобатга олган ҳолда мамлакат электр энергетикасини ривожлантириш бўйича қисқа ва узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқиш, Ўзбекистон электр энергетикасини ривожлантиришнинг самарали ва асосланган режаларини яратиш, кадрлар тайёрлаш каби қатор вазифаларни амалга оширади.

Томонлар ўртасидаги келишувга кўра, дастлабки инвестиция қиймати 30 миллион АҚШ долларни ташкил этади. Қўшма корхона типидаги ушбу таълим муассасаси электр энергетикасининг мураккаб вазифаларини еча олиш ва Ўзбекистон электр энергетикасига янги технологияларни жорий қилиш имкониятига эга бўлган халқаро даражадаги мутахассисларни тайёрлайди.

“Ўзэнергоинжиниринг” АЖнинг маълум қилишича, айни чоғда  томонлар муассасага халқаро миқёсдаги профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш, таълим муассасасини замонавий, зарур техникалар билан жиҳозлаш, шунингдек, халқаро аккредитация олиш ишларини режалаштирмоқда.

Маълумот ўрнида, «Ўзэнергоинжиниринг» АЖ электр энергетикаси соҳасида муҳандислик тадқиқотлари, лойиҳалаштириш ва маслаҳатлашувларга ихтисослашган Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳа институти ҳисобланади. Хитойнинг “Energy China International” эса жаҳондаги энг йирик энергетика компаниялардан бири бўлган “China Energy Engineering Group Corporation Limited” компаниясининг шўъба корхонасидир.

Қўшма корхона икки мамлакат етакчи институтлари тажрибаси ва ваколатларини бирлаштиради ва мамлакатимиз электр энергетикаси тизимига қайта тикланувчи энергия манбалари йирик қувватлари жорий қилинишига кўмаклашади.

Муҳими, “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ ва “Energy China International” шўъба корхонаси ўртасидаги келишув Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришда яна бир муҳим қадамдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА