Вазиятлар марказида икки юзга яқин камера назорат қилинмоқда (+видео)

320

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашиш мақсадида республиканинг 7 та вилоятида онлайн кузатув камералари ўрнатилган.

Вазирликнинг Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси томонидан ушбу камераларни назорат қилишга мўлжалланган вазиятлар маркази ҳам ташкил этилди. Ушбу марказ 2023 йил декабрда иш бошлаганди. Онлайн камералар орқали 2024 йил бошидан 1200 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кузатув камералари фаолияти йўлга қўйилган. Айни дамда бундай камералар Самарқанд вилоятида ҳам ишга туширилмоқда. Қолаверса, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам камералар ўрнатиш режалаштирилган.

2023 йилда жами 200 га яқин онлайн видеокузатув камералари орқали 6542 та экологик қоидабузарлик аниқланган.

Маълумот берилишича, 2024 йил якунига қадар онлайн кузатувлар мамлакатимизнинг барча вилоятларини қамраб олиб, камералар сони 600 тага яқинлашади. Яқин йилларда эса камералар сонини мингтагача етказиш мақсад қилинган.

Бу камералар нафақат белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш, балки бошқа турдаги қонун бузилиши ҳолатларини ҳам аниқлаяпти. Бу эса экологик ҳуқуқбузарликларни тезда бартараф этиш ва инсонларнинг экологик маданиятини оширишга хизмат қилади.

ЎзА вакиллари Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси бош мутахассиси Назиржон Умаров билан суҳбатлашди, вазиятлар марказидаги иш жараёнидан репортаж тайёрлади.

Видео материални YouTube тармоғимиз орқали томоша қилинг.

Беҳруз Худойбердиев,

Аслиддин Алижонов (видео),

ЎзА