Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубогида муҳим натижа қайд этиб, ўз мухлисларини қувонтирди. Ўйин борасида жамоамиз анча ўсишга эришганини исботлади. Тўғри, рақиб номдор бўлмасада, метин ҳимояга эга ва қарши ҳужумда анча хавфли эди. Бироқ бизнинг футболчиларимиз ҳар қандай вазиятни ўз фойдаларига ижобий ҳал эта оладиган йигитлар эканини барчага намоён қилди.

Бугунги футбол шарҳимиз Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё кубогидаги иштироки ва чорак финалдаги рақибимиз Қатар термасига қарши ўйинлар статистикасига бағишланади. Шунингдек, нимчорак финал учрашуви натижалари билан ҳам таништириб ўтамиз.

Қатарда ўтаётган Осиё кубогининг 1/8 финал босқичида Ўзбекистон ва Таиланд ўзаро куч синашди ва унда вакилларимиз 2:1 ҳисобида зафар қучди. Ўйинда Азиз Турғунбоев ва Аббос Файзуллаевнинг урган голларига, Таиланд терма жамоаси аъзоси Сарачат ягона гол билан жавоб қайтарди.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритиб, ушбу босқичда Қатар термаси билан рақобатлашадиган бўлди.

Аввало, Ўзбекистон ва Қатар терма жамоаларининг ўзаро ўйинлар статистикасига эътиборингизни қаратиб ўтмоқчимиз. Ушбу икки жамоа илк бор 2000 йил Ливанда ўтган Осиё кубогининг гуруҳ босқичида тўқнаш келган. Ўшанда “C” гуруҳидан ўрин олган мазкур баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилган. Сўнгги бор эса жамоалар 2018 йилнинг 16 октябрь куни пойтахтимизда ўтказилган ўртоқлик ўйинида майдонга тушган ва унда Ўзбекистон 2:0 ҳисобида ғолиб бўлган эди. Терма жамоамиз охирги марта 2014 йил Доҳада ташкил этилган ўртоқлик ўйинида 3:0 ҳисобида мағлуб бўлган.

Қатар 2010 йилги Жаҳон чемпионати саралаш ўйинида вакилларимизни 3:0 ҳисобида енгган. Мазкур учрашувнинг Тошкентда ўтказилган жавоб ўйинида Ўзбекистон миллий терма жамоаси рақиб дарвозасига жавобсиз 4 та гол уриб, сафардаги мағлубият аламини олган. Осиё кубогида эса бу жамоалар 2011 йил сўнгги ўйинларини ўтказган. Ўшанда Қатар мезбонлигида ўтказилган қитъа биринчилигининг илк учрашувида футболчиларимиз 0:2 ҳисобида ғалаба қозонган.

Бугунга қадар Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасида ўтказилган жами 14 ўйиннинг 9 тасида вакилларимиз ғалаба қозонган бўлса, икки ўйинда дуранг қайд этилган ҳамда 3 ўйинда Қатар зафар қучган. 14 ўйинда Ўзбекистон рақиб дарвозасини 24 маротаба ишғол этиб, ўз дарвозасидан 13 марта тўп олиб чиққан.

Шунингдек, ҳар икки жамоа ўйинлар тарихида йирик ғалабага эришган. Жумладан, миллий жамоамизнинг энг йирик ғалабалари 2009 ва 2013 йилда қайд этилган. Ўша йилларда футболчиларимиз қатарлик рақибларини 4:0 ҳамда 5:1 ҳисобида таслим қилган эди. Қатар эса дарвозамизга энг кўп урган гол 3 та бўлган. Улар бу натижаларга 2010, 2014 йилларда эришган. Энг катта ҳисобдаги дуранг эса 2001 йилда қайд этилган – 2:2.

Ҳа, ўйинлар статистикасида Ўзбекистон терма жамоаси катта устунликка эга. Бироқ, бу йилги Осиё кубогида Қатар жамоасининг ўйин услуби ва футболчиларида катта ўсиш бор. Улар гуруҳ босқичида 3 ғалабага эришди ва 100 фоизлик натижа билан 1/8 финал босқичига чиқди. Нимчорак финалда эса Фаластинни 2:1 ҳисобида енгди. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Қатар чорак финалга қадар жиддий рақибларга дуч келмади. Ўзбекистон эса, Сурия, Австралия ва Таиланд каби кучли жамоалар билан рақобатлашди ва ушбу ўйинларда устунликка эга бўлди.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики Қатар енгиб бўлмас жамоа эмас. Тўғри “ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради” деган футбол нақли бор. Аммо Ўзбекистон ушбу учрашувда фаворит ҳисобланади. Афсуски, мазкур баҳсда таркибимизда Абдуқодир Ҳусанов, Игор Сергеев ва яна бир қатор маҳоратли футболчиларимиз турли сабабларга кўра майдонга туша олмайди.

Қатарда эса таркиб борасида муаммо деярли йўқ. Лекин бу дегани жамоамиз Қатар олдида ожиз дегани эмас. Улар ўрнини тўлдирувчи ва ушбу ўйинчилардан кам бўлмаган ёш футболчиларимиз жамоада мавжуд. Умид қиламизки, 3 февраль куни “Ал-Байт” стадионида ўтказиладиган Қатар – Ўзбекистон баҳсида 13 йил аввалги натижа такрорланади.

Дарвоқе, куни кеча терма жамоамизга ғалаба келтирган гол муаллифи Аббосбек Файзуллаевнинг ўйини футбол мутахассислари томонидан юқори баҳоланди ва уларнинг фикрига кўра, Аббоснинг трансфер нархи камида 20 баробарга ошиши айтиб ўтилди.

Осиё кубоги нимчорак финалидан ўрин олган Саудия Арабистони — Жанубий Корея баҳси кескин ва муросасиз ўтди. Ўйиннинг асосий вақтида жамоалар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Пенальтилар сериясида Клинсманн шогирдлари 4:2 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа, Жанубий Корея чорак финалга йўл олди. Кейинги босқичда кореяликлар Австралия билан ўйнайдиган бўлди. Ушбу учрашув 2 февраль куни “Ал Жануб” стадионида бўлиб ўтади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА