Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳри Носир шифохонасидаги 3600 нафарга яқин фаластинлик ҳужумга учраган. Бу ҳақда қамалдаги Aшраф ал-Қудра анклави Соғлиқни сақлаш идораси расмий вакили маълум қилди.

Қайд этилишича, касалхона ҳамон қамалда. 150 тиббиёт ходими, 450 ярадор ва 3 минг ички тартибда кўчирилган фуқаро “нишонга” айланган.

– Икки ҳафтадан буён Носир шифохонаси қамали давом этмоқда,- дейди Aл-Қудра. – Ёнилғи етишмовчилиги туфайли икки кундан кейин генераторлар ишламай қолади. Исроил кучлари мажмуа ҳудудида тўпланиб қолган чиқиндини олиб чиқишга тўсқинлик қиляпти. Тиббиёт гуруҳлари ва ярадорлар, кўчирилганлар озиқ-овқат тақчиллигига дуч келган. 7 октябрдан бери Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 26 751, яраланганлар 65 636 нафарга етди. Сўнгги 24 соат ичида 114 фуқаромиз қурбон бўлди, 249 нафари яраланди. Марҳумлар жасади ҳамон вайрон бўлган бинолар остида, йўллар четида қолмоқда. Тез ёрдам ва фуқаро мудофаа гуруҳлари сунъий тўсиқлар туфайли ҳалигача улар ёнига бора олмаяпти.

– Ғазо секторининг турли нуқталаридан ўғирлаб кетилган ва кейин Исроил томонидан топширилган 100 нафар фаластинликнинг жасади Рафоҳ шаҳридаги оммавий қабрга дафн қилинди, – деб хабар берди “WAFA” агентлиги. – Ҳалок бўлганлар жасади “Карим Aбу Салим” назорат манзили орқали Фаластин томонига топширилди. Номаълум марҳумларни текшириш чоғида баъзи жасадларнинг ички аъзолари ўғирлангани аниқланди. Aввалроқ Ғазо ҳукумати Исроилни фаластинликлар жасадини тортиб олиш ва тана аъзоларини ўғирлашда айблаб, шундай ҳолатларни текшириш учун мустақил халқаро қўмита тузишни талаб қилган эди.

Г.Сатторова,  

ЎзА