БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазир ўринбосари билан ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди

Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда амалга ошириб келинаётган «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳаси доирасида кўплаб ўзбекистонлик ўғил-қизлар рақамли кўникмалар ва дастурлаш асосларини ўрганмоқда.
Ёшлар ўз иқтидорларини рўёбга чиқариши ва намоён этишлари учун «Бир миллион ўзбек дастурчилари» ҳамда mGovAward Республика танловлари катта имконият эшигини очаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ишлари бўйича вазири ўринбосари Абдулла Лута билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар mGov Award ва “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳалари доирасида эришилган муваффақиятларни алоҳида қайд этиб, келгусида ҳам бу каби лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда уларни биргаликда амалга ошириш бўйича масалаларга эътибор қаратди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда яратилган шароитлар, IT Park томонидан амалга оширилаётган ишлар, солиқ имтиёзлари, IT компанияларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳақида ахборотлар берилди.
Ўз навбатида, ёш малакали кадрлар учун иш ўринлари яратиш, сунъий интеллект соҳасида таълимни ривожлантириш ҳамда маҳаллий IT маҳсулотларинининг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА