Пойтахтнинг яшиллик даражаси 34 фоиздан 13 фоизгача тушгани ҳақидаги маълумотларга изоҳ берилди (+видео)

Парламент эшитувида депутат Равшан Бегматов пойтахтнинг яшиллик даражаси билан боғлиқ саволларни ўртага ташлади:
– Интернетда тарқалган маълумотлардан 2016 йилдан 2023 йилгача пойтахтнинг яшиллик даражаси 34 фоиздан 13 фоизгача тушганини кўришимиз мумкин. Бу борада мутасадди вазирликлар биргаликда назоратни етарли даражада олиб боряптими?
Шунингдек, депутат дарахт кўчириб ўтказишга рухсат бериш масаласида ҳам изоҳ сўради.
– Бугунги кунда 600 га яқин махсус планшетлар воситасида Тошкент шаҳрида дарахтлар инвентаризациядан ўтказиляпти. 29 мингга яқин дарахт ноқонуний кесилган, 10,5 мингтаси қимматбаҳо дарахтлардир. Бунинг учун 45 миллиард сўмлик жарималар қўлланилди.
Мен ҳам бу хабарни (34 фоиздан 13 фоизгача тушгани) кўрганимда ҳайрон бўлдим. Методологик асоси кўрсатилмаган. Ҳозирги кунда Тошкентда 3 млн. 458 мингта дарахт мавжуд. Агар юқоридаги рақамларга эътибор қаратилса, ўша пайтда 9 миллион дарахт бўлган деган тасаввур пайдо бўлади. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўрганганимизда 2021-2022 йилларда 29 мингта дарахт кесилган. Бу мавжуд дарахтларнинг 2-2,5 фоизини ташкил этади. Бу (13 фоизга тушган деган рақам) менимча, одамларнинг эътиборини қаратиш учун, яшиллик даражасини сақлашга қаттиқроқ эътибор қаратиш учун айтилган бўлса керак. Албатта, яшилликка эътибор қаратамиз.
Дарахтларни кўчириш механизми ҳақида тўхталсам, бу кўп ҳолларда аҳоли манфаатларига ҳам қаратилган бўлади. Масалан, метро қурилишида бир қанча дарахтларни кесишга тўғри келади. Лекин мутасадди вазирлик сифатида биз бунга қарши бўлишимиз керак. Аммо метро жамоат транспортини аҳолига енгиллаштиради. Аҳолига қулайлик нуқтайи назардан шунга мажбурмиз.
Дарахтларни кўчириш механизми қонунчиликда белгиланмаган, албатта. Тошкент шаҳрида бу масалага жуда қизиқиб кетган раҳбарларни ишдан ҳам олиб ташладик. Шаҳарда бир ойга дарахт кўчириш ва кесишга рухсат беришни тўхтатиб қўйдик. Ҳозирда дарахтларни кўчириш тартиби, ҳолати ва талабларига оид ҳужжат устида иш олиб борилмоқда, – деди атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.
Муҳтарама Комилова, ЎзА